Яратилиш санаси 15.02.2024

Тафсир илми таърифи

Тафсир сўзи араб тилида фасара сўзидан олинган бўлиб, фасара баён қилиш, ёритиш, очиш, шарҳлаш, тафсир эса, ёпиқ нарсани очиш, мушкул лафз мақсадини ёритиш каби маъноларни беради. Шундан келиб чиқиб, муфассир сўзи Қуръон оятларини шарҳловчи мазмунини ифода этади. 

Тафсир илми ҳақида Имом аз-Заркаший (ваф. 1393 ҳ.й.): «Тафсир шундай илмки, у билан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлган Аллоҳ китоби тушунилади, маънолари баён этилади ва ундан ҳукм ва ҳикматлар олинади». Шубҳа йўқки, инсон ушбу нарсаларни ўз билими, тоқати, фаҳми доирасида тушунади.

Аз-Зарқоний: «У Қуръони каримнинг барча ҳолатлари бўйича Аллоҳ таоло кўзлаган мақсадни инсон тоқати етганича ўрганиладиган илмдир», деб айтади. Ибн Ошур эса: «У Қуръон лафзлари маънолари баён этиладиган ва ушбу маънолардан қисқа ёки кенг тарзда тушуниладиган илмга қўйилган исмдир» деб изоҳлайди.

Ушбу таърифларга хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Тафсир илми Қуръони карим маънолари, ундаги сир ва ҳикматларни инсон тоқати етганича баён этадиган илмдир».

Муҳаммадхон Абдраҳманов 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси