Яратилиш санаси 14.02.2024

Тафсир фани...

Мовароуннаҳрда тафсир илми ва муфассирлар ҳақида сўз юритишдан аввал бу улкан илмни қаердан келиб чиққанлигини ва ривожланганлигини ўрганиб олишлик лозим бўлади.

“Тафсир” сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш маъноларни англатади. Аммо уламолар истилоҳида “Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир”.

  Тафсир учун бошқа ақлий илм соҳаларида бўлганидек, чекланган қоида йўқ. Шу сабабли “Тафсир нима?” деган саволга: Тафсир – бу Аллоҳнинг каломини тушунтириб беришдир ёки “Тафсир Қуръон лафзларини ва уларнинг маъноларини очиб берувчи илмдир”-деб жавоб берилади.

  “Ал-Баҳрул-муҳит” китобида Абу Ҳайён шундай таъриф берадилар. “Тафсир – шундай илмки, бу билан Қуръон лафзларининг қандай нутқ қилиниши (қироат илми) у сўзлар нимага далолат қилиниши (луғат илми) ҳар бир сўз ва жумланинг ҳукмларини (сарф, наҳв илмлари) жумланинг ўзидан бевосита тушуниладиган маъноларни шунингдек, носих ва мансух оятлар, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳамда тарихий қиссалардан кўзланган мақсадлар ўрганилади”. Имом Аз-Замахшарий бундай таъриф берадилар: “Тафсир – шундай илмки, бу билан Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)га нозил қилган китобини унинг маъноларини, шариъат амалларини ва бандалар устидан Аллоҳнинг чиқарадиган ҳукмларини ўрганилади”. Яна баъзиларнинг сўзларига қараганда, “Тафсир оятларнинг нозил бўлиши, унинг сабаблари, ундаги қиссалар, Маккада нозил бўлган оятлар билан Мадинада нозил бўлган оятларнинг тартиби, муҳкам ва муташабеҳлиги, носих ва мансухлиги, хусусийлиги ва умумийлиги, матлақи ва муқайяди, мужмал ва муфассари, ҳалол ҳақидаги ва ҳаром ҳақидаги, ваъда ва ваъид, амр ва наҳий ҳамда ибратли оятларни ўрганмоқдадир”.

  Бундан ташқари тафсир сўзи ўрнида таъвил сўзи ҳам ишлатилади. Таъвил сўзининг луғавий маъноси қайтмоқдир. Қуръони каримда таъвил сўзи бир неча маънода келган. Тафсир ва таъйин, офият ва оқибат, башоратнинг амалга ошиши, тушнинг маъноси, амалга оширилган ишнинг сабаби ва бошқалар шулар жумласидандир. Унинг истилоҳий маъноси қадим олимлранинг наздида тафсир билан бир эди. Имом ал-Мотуридийнинг фикрларича, Тафсир – Қуръондаги ҳар бир лафздан чиқарилган қатъий маънодир, агар бу маъно далил билан исботланса ҳақиқий тафсир, далил билан исботланмаса ўз раъйича қилинган тафсир дейилади. Таъвил бир лафзда эҳтимоли бор бўлган икки маънонинг биттасини танлаши ва уни қувватланишидир. 

Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг даврларида юзага келган. Чунки у зот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари билан баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоблар берардилар. Тафсир илми саҳобаи киромларга Пайғамбаримиз (с.а.в)дан мерос бўлиб қолди. Лекин  уларнинг бу илмдаги даражалари турлича бўлгани сабабли, улардан кимки баъзи очтларнинг маъносини англашда ўзида хожат сезса, ўзидан олимроқ бошқа саҳобалардан сўраб оларди.

Саҳобалардан хазрати Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Ҳаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Тобейинлар эса тафсир илмини саҳобаи киромлардан ўрганлар. Масалан, Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Рабоҳ ва бошқалар. 

Бу икки асрда, яъни саҳобалар ва тобейинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таълиф қилиб ёзилмаган эди. Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ашур ўзларининг  “Тафсир ва рижалуҳу”  номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс 149 хижрий йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждурлар. Мазкур китоб таъвил қилингандан бошлаб тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу даврнинг аввалги вақтларида Муҳаммад ибн Жарир Тобарий,Яҳё ибн Салам, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шухрат топдилар.

Қаюмов Сафватуллоҳ 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси