ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ШЕЪР НАЗМИДА ТАФСИР ҚИЛИШ (1-кисм)
Қуръони каримнинг асл назмини ўзгартириб, шеър вазнига солиш уммат ижмоъси билан ҳаромдир. Шунингдек, Қуръони карим матнини сўзма-сўз таржима қилиб айни шу таржимани шеър вазнига солиш ҳам иттифоқан дуруст бўлмаган ишдир. Лекин, Қуръони карим маъноларини, тафсирларини шеърий вазн ва қофиялар билан ёзиш масаласи хозирги замон уламолари орасида ихтилофли бўлиб турган масалалардан биридир.
Бир гуруҳ олимлар, Қуръон ва унинг тафсири орасида катта фарқ мавжудлиги ва ҳамда, оятларни тафсир қилиш машруъ, мандуб амал эканига таянган ҳолда, шунингдек, шеърий қофияларнинг жозибадор ва ҳифзи енгил бўлишини ҳисобга олиб "Қуръонни шеърий вазн ва қофияларга солиб тафсир қилиш мумкин", деб айтсалар, бошқа бир гуруҳ уламолар, Қуръони карим маъноларини шеър вазнлари ва қофияларига мосламаслик фикрида эканини айтадилар.
Албатта, насрдан кўра, шеърнинг назми хотирада сақлаб қолиш учун қулай, қофия ва вазнлар билан эса, қулоққа янада ёқимли ва эшитимли бўлади. Ва яна, шеърнинг иборалари жозибали, латофатли бўлиб, тингловчини ўзига ром қилиши табиий. Мана шу жиҳатларни эътиборга олиб баъзи диний фанларда шеърий адабиётлар ҳам таълиф этилган. Масалан: ақоид, фиқҳ, тажвид, сарф, наҳв каби соҳаларда шеърий адабиётларни кўплаб учратиш мумкин. Қуръони каримни шеър вазнларига мослаб таржима ва тафсир қилишга ижобий ёндошувчилар ҳам, мана шу фойдали жиҳатларни кўзлаб, "Қуръонни шеър вазнида тафсир қилиш жоиз", деб айтадилар. Токи, қуръон маънолари вазн ва қофиялар билан янада ёқимли, жозибали, хотирада сақланиб қолиши енгилроқ бўлсин, деган хайрли мақсадларда.
Манбаларда эса, икки томондан бирини ҳам қўллаб-қувватловчи, бу ишни дуруст ё нодуруст эканига сароҳатан далолат қиладиган бирон бир ҳужжат мавжуд эмас. Яъни, Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам, салафи солиҳларнинг таълимотида ҳам очиқчасига "Қуръонни шер вазнига мослаб тафсир ва таржима қилинг", деган сариҳ буйруқ келмаган. Шу билан бирга, бу ишдан очиқчасига қайтарилган наҳй ҳам йўқ. Яъни, "Қуръони каримни тафсир қилишда шеър вазни ва қофияларидан фойдаланманглар.", деганга ўхшаш биронта таъқиқ маълум эмас.
Аббосхўжаев Муҳаммадали
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси