Истиғфор айтиш фазилати
Истиғфор айтишлик улкан ибодат ҳисобланади. Унинг улканлиги муттақийн бандаларининг сифатлари ва пайғамбар алайҳимус саломлар бу амалда бардавом бўлганликларидир.
Аллоҳ таоло аз-Зарият сурасининг 18-оятида жаннатга кирадиган муттақийн бандаларини мақтаб сифатлаб марҳамат қилади:
وَبِٱلۡأَسۡحَارِ هُمۡ یَسۡتَغۡفِرُونَ
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
Оли Имрон сурасининг 17-оятида эса
ٱلصَّـٰبِرِینَ وَٱلصَّـٰدِقِینَ وَٱلۡقَـٰنِتِینَ وَٱلۡمُنفِقِینَ وَٱلۡمُسۡتَغۡفِرِینَ بِٱلۡأَسۡحَارِ
Улар сабр-қаноатлик, иймонларида содиқ, ибодат-итоатлик, инфоқ-эҳсонлик бўлган ва саҳарларда истиғфор айтувчилардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ҳузайфа розияллоҳу анҳу келиб, тиллари ўткирлигидан, аҳли аёлларини ранжитиб қўяётганларидан афсусланиб шикоят қилдилар. Шунда сарвари коинот соллалоҳу алайҳи ва саллам "Истиғфор айтгин эй Хузайфа, мен ҳам бир кунда 100 маротаба истиғфор айтаман" дедилар. (Хузайфа розияллоҳу анҳудан Имом Ахмад, Имом Доримий ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда "Аллоҳга қасамки мен бир кунда юз маротаба истиғфор айтаман"(бошқа ривоятда етмиш маротабадан кўпроқ) деганлар. (Имом Бухорий, ибн Можа, Ахмад ривояти)
Истиғфорнинг фазилати ҳақида келган оят ва ҳадисларнинг барчаси бу ибодатнинг нақадар улуғлиги ва хайру баракаси кўплигига далолат қилади. Дархақиқат намоз, рўза,закот, ҳаж каби ибодатларнинг маълум вақтлари бор. Истиғфорнинг эса муайян вақти йўқ бўлсада "Саҳар" вақти энг муносиб вақт эканлиги юқоридаги ояти каримада яққол намоён бўлиб турибди. Чунки саҳар вақти уйқунинг энг лаззатлик ва инсонни ғафлатда бўлган палласи бўлиш билан бирга кибр, риё, ужуб, сумъа каби ибодатга ҳалал берувчи иллатлардан холи бўлган пайтдир. Банда бу пайтда ширин уйқусидан кечиб ёлғиз Аллоҳгагина юзланади. Саҳар вақтида қилинган дуо-илтижолар ижобатга яқин бўлади.
Истиғфор айтишлик билан инсон гуноҳлардан покланибгина қолмай:
- ризқининг кенг бўлиши
- ишларининг енгиллашиши
- турли ёмонликлардан омонда бўлиши
- мол-дунё, фарзандлар билан ёрдам берилиши
- боғ-роғлар, анҳорлар ато қилиниши
- осмондан мўл-кўл ёғадиган ёмғирлар
- қувватига қувват қўшилиши каби Робби томонидан бериладиган баракот, марҳаматларга сазовор бўлади.
Бу хақида яқин ўтмишдаги Қоил Марғилоний рахматуллоҳи алайҳи баёзларида ажойиб ифодалаб бизларга насиҳат қиладилар:
Саҳар файзи илоҳий бандалар бошиға жорийдур,
Ибодат бериё бўлгонда қадри кўп юқорийдур,
Замину осмон аҳли каломиға хуморийдур,
Муносиб ул эмас ғафлатда ётса кимки қорийдур,
Туриб вақти саҳар Қуръон тиловат айласангларчи.
Саҳарда уйғониб, ҳар банда истиғфор этар бўлса,
Қўйуб пешонасини саждада тўхтатар бўлса,
Забонин роббиял аъло каломи тебратар бўлса,
Кечар Тангрим гуноҳидан агар хавфу хатар бўлса,
Таҳажжуд нияти бирла таҳорат айласангларчи.
Аллоҳ таоло барчаларимизга ўзи мақтаб сифатлаган солих амаллардан насиб қилиб, истиғфорни доимий ҳамрохимиз қилсин. Зеро Роббимиз тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади!
Валиев Абдулазиз
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси