Яратилиш санаси 04.03.2024

ТЕРРОР-ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯДИР!

Терроризм беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллашдир. Қоҳирадаги араб тили академияси томонидан “террористлик”ни “Сиёсий мақсадларда зулм ва бузғунчилик йўлини тутувчиларга қўлланиладиган сифат” деб таьриф берилган.

Террорчи жамоалар мусулмон мамлакатларида оммавий бўла олмагани учун аҳолининг номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаландилар. Ўз мақсадлари йўлида курашнинг террордан бошқа йўлини рад этишди. Улар жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан ажралиб туради. Бу йўлда ўз жонларини қурбон қилишга ҳам тайёр туришади.

Ҳозирги кунда инсонларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда хотиржамлигига раҳна солиб турувчи террорчилик ҳаракатлари баьзи ерларда учраб турибди. Террорчиларнинг тутган йўллари ҳар-хил бўлсада қилаётган ишлари бир хил, яъни, одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариб, қўрқув остида яшашга мажбурлашдир. Дунё цивилизацияси ривожланиши, шунингдек, янги техник воситалардан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабиҳ, даҳшатли кураш усулларини кучайтириб бормоқдалар.

Терроризмнинг хунук окибатларидан энг ачинарлиси шуки, бутун дунёни тинчлик ва меҳрибонликка, одамларни раҳм-шафқат ва адолатли бўлишга буюрадиган ислом динининг пок номини булғаб, унга зид бўлган бузғунчиликларни «ислом ниқоби» остида амалга оширилишидир. «Ислом» ва «Террор» сўзларини ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас. Самовий динларнинг биронтаси зўравонликни, зулмни оқламайди ва қўллаб-қувватламайди. Ояти каримада “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Расулларимиз уларга (илоҳий) ҳужжатларни келтирдилар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардан бўлдилар” (Моида: 32).

Турли жозибадор ном ва шиорлар билан одамларни йўлдан адаштираётган, тинч-тотув ҳаётига раҳна солаётган экстремистик оқимларнинг мақсад ва ниятлари барчамизга маълум. Шундай экан, ҳушёрликни бир онга ҳам йўқотмаслик, барча яқинларимизни хатарли йўлдан қайтариш инсоний бурчимиз эканлигини унутмайлик..

Муҳаммадали КАТТАБАЕВ 

Билим юрти АРМ мудири

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар