Яратилиш санаси 09.03.2024

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинг! Албатта Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади".

Ана шундай раҳмат нафҳаларидан бири Рамазон ойидир. Бу ой бошқа ойларга нисбатан фазилату устунликда бамисоли қуёшнинг бошқа сайёраларга нисбатан устунлиги кабидир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади.

Бу ой унда Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185 - оят).

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.

Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир. Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир. Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади. Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади. Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.

Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар