Яратилиш санаси 11.03.2024

Рамазон кириб келди...

Бу ойда томоқлар қурийди, аммо қалблар сероб бўлади. Ичаклар бўшайди, аммо руҳлар тўлади. Танамиз заифлашади, аммо иймонимиз кучаяди. Ҳаракатимиз сустлашади, аммо ақидамиз бақувват бўлади!

Бугунги кунда инсонларни ибодатга қизиқтириш учун унинг турли ҳикматлари гапирилаяпди. Аммо ундаги руҳий ҳолат ҳақида кам эсланаяпди. Бу амалдаги ихлосга бир мунча путур етказади. Бизга Рамазон рўзасини Роббимиз амр қилганининг ўзи етади! Бундан ортиқ фазилат бўлиши мумкин эмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “муборак Рамазон ойи келса ва унга етишиш насиб қилса”, деган умид билан уни муштоқ бўлиб кутардилар.  Сабаби, Аллоҳ таоло Рамазонни Ўзининг ойи қилган. Биз нарса-ҳодисаларнинг зоҳиринигина кўрамиз (аслиятидан бехабармиз). Рамазон хусусида билган-ўйлаганларимиз ҳам зоҳирийдир. Уни фақат рўза ойи деб биламиз. Унда кундузи еб-ичилмайди, кечаси таровеҳлар ўқилади, деб биламиз. Бўлди, шу холос. Бу гаплар ҳам тўғри, лекин шунинг ўзи билан иш тугамайди. Балки, рўза бўлсин, таровеҳлар бўлсин ёки муборак Рамазоннинг бошқа бир ибодати бўлсин – барча-барчаси бошқа бир улкан нарсанинг аломатидир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи қилганидир. Одамлар ўн бир ой мол-дунёнинг югур-югурлари ила машғул бўладилар ва Аллоҳдан узоқлашадилар, дунё ишларига ўралашиб қоладилар, ғафлатга мубтало бўладилар. Шундай бир пайтда Аллоҳ бизга бир ойгина Илоҳий даргоҳга яқин бўлиши, ғубору доғлардан ҳаётини, борлиғини, қалбини поклаб олиши учун баракотларга бурканган ойни – Ўзининг ойини ато этади. Раббимиздан жуда узоқлашган, дунёнинг юмушларига ўралашиб қолган эдик. Ўйимиз, фикримиз, хаёлимиз, амалу феълларимиз – барчаси дунёнинг ташвишлари ила банд бўлиб, бандалик мақомимиз йўқолаёзган эди. Ана шундай беҳузур бир пайтда Оламлар Рабби бизга саодат ойини ато этмоқда. Энди, биз бу ой сари ошиқиб, шавқ ила кутиб олмоғимиз, уни бекаму кўст ўтказиш учун бор вужудимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундагина бизда Аллоҳга қурбат ҳосил бўлади.  Чунки бу ой Унинг ойидир.

Бу гуноҳларни ювиш имконияти, бу ажрларга эга бўлиш имконияти, бу Қуръонга ошно бўлиш имконияти, бу синган кўнгилларни олиш имконияти, бу Роббимизни рози қилиш имконияти...

Аллоҳ йўлидаги очликка, чанқоқликка марҳабо биродарлар! Бу соатлар ўтиб кетади. Бундан сўнг ичакларимиз яна тўлади. Томоқларимиз яна ҳўл бўлади, аммо ажр қолади иншааллоҳ!

Мажруҳ қалбларга даво бўладиган, маҳзун қалбларга тасалли бўладиган, тоғлар қадар ажр бўладиган Қуръон қироатига марҳабо! "Алиф лам мим" ни ҳарф демайман. Алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф, мим бир ҳарфдир!

Қиём ва тароввиҳга марҳабо! Бунда оёқлар Аллоҳ учун тик туради. Қалблар ўз уловини Унинг эшигида тиз чўктиради. Ширин машаққатлар лаҳзаси ўтиб кетади. Аммо буюк ажр қолади!

Садақага марҳабо! Фақир-мискинларни таомлантиришга марҳабо! Булар қолади. Кафаннинг чўнтаги йўқ. Садақа молимизни охиратга юборадиган ягона йўлдир! 

Рамазон соғликни сақлаш учун парҳез қилиш ойи эмас. Бу бизнинг йўлимиз ва дам олиш бекатимиздир. Йўл машаққатлари бизни толиқтирганида юкимизни Роббимиз ҳузурида елкамиздан қўяйлик. Зеро биз Аллоҳданмиз, Аллоҳ билан биргамиз, Аллоҳгамиз...

Аллоҳ таоло бизнинг таом ва ичимликни тарк қилишимизга муҳтож эмас. У бизга Рамазонни бизни поклаш, Ўзига лойиқ банда бўлишимиз учун бизни ғусл қилдириб тозалаш учун юборади. Рамазондаги насибамиз фақат очлик ва чанқоқлик бўлиб қолмасин!

РАМАЗОН МУБОРАК!

Муҳитдинов Алишер 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси