РАМАЗОН – САХОВАТ ОЙИ
Рамазон ойларнинг султони, эзгулик ва яхшилик мавсуми, тоат-ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойидир.
Рамазон ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ойдир. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир.
Бу ойда қилинадиган фазилатли амаллар жуда ҳам кўп. Инсонларга саховат, хайр-еҳсон қилиш эса ана шу фазилатли амалларнинг кўзга кўринганларидан ҳисобланади.
Рамазон ойида янада кўпроқ хайр-саховат қилиш, садақалар бериш ҳамда яхшиликлар қилишга сабаб бўлувчи бир неча омиллар мавжуд:
1. Рамазон ойида саховат кўрсатиш Аллоҳ таолога яқинлашиш демакдир.
Аллоҳ таоло Оли имрон сураси 92-оятда айтадики:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّون
“Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ-еҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз”.
Демак, Аллоҳ таолонинг ризолигини топиб жаннатга кириш учун хайр саховат қилмоқлигимиз лозим экан.
2. Рамазон ойида саховатли бўлиш ажру-савобни янада кўпайтириш демакдир.
Рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажр-савоби орттириб кўпайтириб берилади. Яъни рамазон ойида қилинган хайрли ишлар, бошқа вақтларда қилинган хайрли ишлар каби бир хил бўлса-да, лекин ушбу муборак ойда қилингани сабабли у амалларнинг савоби бир неча даража кўпайтириб берилади.
قال النبي صلى الله عليه وسلم: أفضل الصدقة صدقة في رمضان
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинганидир” (Имом Термизий ривояти).
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, рўзадорнинг ажридан эса бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).
3. Рамазон ойида саховат қилиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш демакдир.
في الصحيحين من حديث ابن عباس رضي الله عنهما: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم أجود الناس وكان أجود ما يكون في رمضان حين يلقاه جبريل فيدارسه القرآن، فلرسول الله صلى الله عليه وسلم حين يلقاه جبريل أجود بالخير من الريح المرسلة
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (яхшилик қилишда) одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашар ва Қуръонни ўзаро дарс қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, Росулуллоҳ с.а.в га эргашмоқчи, у кишининг йўлларини тутмоқчи, у кишининг изларидан изма-из юрмоқчи бўлган киши Рамазон ойида янада саховатли бўлиши, янада кўпроқ яхшиликлар, хайр-еҳсонлар қилиши лозим эканлиги бу ҳадисдан олинадиган айни фойдадир.
4. Рамазон ойида саховат қилиш нафс ва молни поклаш демакдир.
Аллоҳ таоло тавба сурасида айтади:
خُذْ مِنْ أَمْوَٰلِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ ۖ إِنَّ صَلَوٰتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ ۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“(Эй Муҳаммад с.а.в!), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитувчи, билгувчидир”.
Демак, саховат қилишда саховат қилувчи ўзининг нафси ва молини поклаши бор экан. Мўмин киши нафси ва молини покламоқлиги ҳар қачон лозим бўладиган амаллардан ҳисобланади.
5. Рамазон ойида саховат қилиш ҳаёти-дунё шаҳватларидан халос бўлиш демакдир.
Аллоҳ таоло Тағобун сураси 16-оятида айтади:
فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَاسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَأَنْفِقُوا خَيْراً لِأَنْفُسِكُمْ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-еҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсини бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар”.
Аллоҳ таоло бу оятда ўз нафсини бахиллигидан сақлана олган киши, нажот топгувчилардан эканлигини баён этмоқда. Рамазон ойида бахиллик қилишдан сақланиб, саховат қилиш томон ҳаракатланмоғимиз даркор.
6. Рамазон ойида саховат қилиш муҳтож ва фақирлар ҳолини ҳис этиш –англаш демакдир.
Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди.
7. Рамазон ойида саховат қилиш жамиятдаги қийинчиликлар ва камбағалликларнинг олдини олишга сабабдир.
قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم :مثلُ المؤمنين في توادِّهم وتراحمِهم وتعاطفِهم كمثلِ الجسدِ الواحدِ إذا اشتكى منه عضوٌ تداعى له سائرُ الجسدِ بالحمى والسهرِ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради”, деганлар.
Атрофимизда қийналаётган, фақир, мискин, касал, заиф, етим, қарздор каби эҳтиёжманд кишилар бор экан, қолаверса, улар диндошимиз экан, биз улар билан бир жасад каби бўлишимиз лозим. Уларнинг ҳолатидан хабар олишимиз, қийинчиликларини англашимиз, муҳтожликларини бартараф этиш борасида ўзимизни сафарбар қилишимиз эса жамиятдаги қийинчиликлар ва камбағалликларнинг олдини олишга бевосита сабаб бўлади.
Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, хайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимлар бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим.
Аллоҳ таоло бу муборак ойда юқорида санаб ўтилган ажр-мукофотли амалларни қилишга тавфиқ берсин. Ожизоналик ила тутаётган рўзаларимизни ва нуқсон ила қилаётган амалларимизни қабул қилсин. Вал ҳамду лиллаҳи роббил аламийн.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси