Яратилиш санаси 13.04.2023

Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси (1-қисм)

Хоразм воҳасида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Айниқса, ўрта асрларда бу диёр илм-фаннинг турли соҳалари бўйича самарали ижод қилган Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Ибн Мискавайҳ, Абу Наср ал-Ироқ, Абу Сайҳл Масиҳий, АбулХайр ибн ал-Ҳаммор кабиларнинг донғи бутун Мағрибу Машриққа тарқалган. Хоразм заминида таваллудтопган буюк алломалардан бири Абул Қосим Маҳмуд Замахшарийдир. Унинг  тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад (баъзи манбаларда Аҳмад) бўлиб, у ҳижрий 467-сана ражаб ойининг йигирма еттинчисида – чоршанба куни (милодий ҳисобда 1075 йилнинг 19 мартида) Хоразмнинг катта қишлоқларидан  бири Замахшарда таваллуд топган. Шу боисдан ҳам Замахшарий тахаллусини олган[1]. У Маккада яшаган пайтда искандариялик бир шогирди, “Ал-Ақд ас-самийн фи тарих ал-балад ал-амийн” номли тарихий асарнинг муаллифи Шиҳобуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусний ал-Моликийга йўллаган мактубида ўзи ҳақида “Мен Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмийман, кейин Замахшарийман. Хоразмнинг бир қишлоғига (Замахшарга) мансубман. Замахшар туғилган юртимдир”, ­ деб ёзган.

Тарихий манбаларда кўрсатилишича, Маҳмуд Замахшарий аввал ўз юрти Хоразмда, ундан кейин Бухорода таҳсил кўрган. Кўпгина хорижий элларга, жумладан, Марв, Нишопур, Дамашқ, Бағдод, Макка ва Ҳижозга сафар қилган. У тилшунослик, луғатшунослик, адабиёт, жўғрофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларида элликдан ортиқ йирик асарлар яратган бўлиб, уларнинг аксар қисми бизгача етиб келган. Олим Хуросон, Исфаҳон, Бағдод шаҳарларида бўлади. У ерларда олимлар билан учрашиб мунозаларда қатнашиш билан бирга ҳукмдорларнинг хайрли ишларига бағишлаб мадҳиялар ёзади. Олимнинг ҳукмдорларга атаб мадҳия ёзишидан мақсади бирор лавозимга эга бўлиш эди. Лекин олим ўз мақсадига эриша олмайди. Гарчи манбаларда бунинг сабаблари баён қилинмаган бўлсада, олимнинг  ақидавий масалаларда  муътазила эътиқодига мансуб бўлганлиги сабаб дейиш мумкин. Яна бир ҳикмати борки Аллоҳ уни “Жоруллоҳ” лақабига сазовор қилиш учун Макка амирининг назарига тушишни насиб қилган эди, дейиш мумкин. Олим сафарини давом эттириб, Маккага етиб боради. Макка амири Абул-Ҳасан  Али ибн Ҳамза ал-Ваҳҳос Замахшарийни яхши кутиб олади, уни ғоят улуғлаб, қадр-қимматини муносиб баҳолайди.

“Хоразмга қайтиб келгач, бир неча йилдан сўнг 538 йилнинг арафа кечаси (1143 милодий йил ) Журжонияда (Ҳозирги Кўҳна Урганч) вафот этади”[2].

[1] Уватов.У. Маҳмуд аз-Замахшарий . – Т:. Абдулла Қодирий . 1995.  – Б. 9.

[2] Уватов.У. Маҳмуд аз-Замахшарий. – Т.: Абдулла Қодирий.  1995.  – Б.10.

Ахунжанов Қобилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси