Мотуридийликда ризқ масаласи
Ризқ масаласида ҳам турли қарашлар мавжуд бўлган. Умуман ризққа таъриф берадиган бўлсак, у банданинг ҳаётдаги эҳтиёжи учун жамики зарур бўлган нарсалардир. Ризқ ҳам бевосита нафс билан боғлиқ ва нафснинг хоҳишидан келиб чиқади. Шунинг учун банданинг ўз ризқини қандай топиши алоҳида аҳамият касб этган. Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг таъкидлашича, ризқлар тақсимланган ва маълумдир, тақводорларнинг тақвоси билан зиёда бўлмайди ва гуноҳкорларнинг гуноҳи билан камаймайди. Аллоҳ кафолатига олган ризқ – ейила-даган нарса. Абу Ҳанифа«Васият имом Аби Ҳанифа («Имом Абу Ҳанифа васияти») асарида таъкидлашича, Аллоҳ бандаларнинг яратувчиси, ризқ берувчиси ва ҳаёт берувчисидир. Абу Ҳанифа бунга «Рум» сураси, 40-оятни далил келтиради: Сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зот Аллоҳдир...
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, банданинг тақводор бўлиши, кўп ҳаракати унинг ризқининг мўл бўлишига асосий сабаб эмас, банданинг ризқи кўп бўлиши фақатгина Аллоҳдандир. Бунга қуйидаги оятлар далил келтирилган:Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир («Исро» сураси, 30-оят)
Абул Муин Насафий «Баҳр ал-калом» асарида қуйидаги ҳадиси қудсийни далил келтирган: Аллоҳ айтади: «Баъзи бандаларим борки, уларни фақатгина камбағаллик тузатади. Агар уларга бойлик ато қилсам, уларнинг динини фасод қилган бўламан. Баъзи бандаларим борки, уларни фақатгина бойлик тузатади. Агар уларни камбағал қилсам,уларнинг динини фасод қилган бўламан».
Абдулазиз Бобамирзаев