Яратилиш санаси 10.07.2023

Маҳмуд Замахшарийнинг турли фанларга қўшган ҳиссаси ва тасаввуфий қарашлари (1-қисм)

Буюк аллома Абулқосим Маҳмуд Замахшарий ўзининг илмий салоҳияти, асарлари билан маънавиятимиз тарихидан муносиб ўрин олган пешқадам олимлардан бири ҳисобланади. Мустақиллигимиз даврида ўтмиш маънавий меросимиз дурдоналарини ўрганишга катта имкониятлар яратилганлиги Маҳмуд Замахшарий илмий мероси устида кенг таҳлилий изланишлар олиб боришга туртки бўлди. Жумладан, яқин вақтларга қадар алломанинг элликка яқин асарлар ёзганлиги ҳақидаги маълумотга эга эдик. Бугунга келиб эса, унинг қаламига 66 та асар мансублиги, улардан қирқтаси аниқланган ва жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётганлиги маълум. 

Маҳмуд Замахшарий қуръоншунослик, фиқҳ, адабиётшунослик, луғатшунослик, дидактика, география, аруз, мантиқ ва шеърият каби қатор фанларга бағишланган асарлар яратган. 

Унинг илмий-ижодий фаолиятида икки давр кўзга ташланади. 1118 йилгача бўлган дастлабки даврда олим асосан луғатшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик, шеъриятга оид асарлар яратга бўлса, кейинги даврда кўпроқ диний мавзуларга оид мукаммал асарлар ёзган, шогирдлар тарбиялашга алоҳида эътибор берган.

Замахшарийнинг чуқур билими ва нодир асарлари унинг ҳаётлик чоғидаёқ дунё олимлари томонидан эътироф этилган. Юксак ҳурмат ва эҳтиром билан унга “Устозуд дуня” (Бутун дунёнинг устози), “Устозул араб вал-ажам” (Араблар ва араб бўлмаганларнинг устози), “Фахру Хваразм” (Хоразм фахри), “Каъбатул удабо” (Адиблар Каъбаси), “Жоруллоҳ” (Аллоҳнинг қўшниси) каби юксак унвонлар берилган. 

Алломанинг “Муқаддаматул адаб” асари дунё халқлари орасида жуда машҳур саналади. Асар беш қисмдан иборат бўлиб, дастлабки икки қисми луғат ва қолган уч қисми грамматикага бағишланган. Исмлар ва феълларга бағишланган қисмларига арабча-форсча, арабча-ўзбекча/туркий, арабча-форсча- ўзбекча/туркий-мўғулий сўзлик киритилган қўлёзмалари учрайди. 

“Муфассал” Маҳмуд Замахшарийнинг араб тили грамматикасига бағишланган шоҳ асари саналади. Олим уни Маккада яшаган даврида ёзган. Асар тўрт қисмдан иборат бўлиб, унда араб тили морфологияси ва синтаксисининг асосий қоидалари баён этилган. У шунчалар мукаммал илмий тил билан баён этилганки, арабларнинг ўзлари ҳам асарни ўзлаштиришга қийналганлар. Маҳмуд Замахшарий ушбу асарни соддалаштириб, маҳаллий халқлар учун “Унмузаж фин-наҳв” номли грамматик рисола ҳам  яратган. Бу асарлар, айниқса, араб дунёсида катта шуҳрат қозонган ва уларнинг кўплаб нодир қўлёзмлари сақланиб қолган[1]

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Маҳмуд Замахшарий араб тили грамматикаси бўйича тенги йўқ мутахассис бўлган. У араб тили грамматикасининг шаклланиши, қолипга тушиши ва тизимли ҳолга келишида асосий пойдеворни қуриб берган. 

Замахшарий нафақат тилшунослик, балки табиий фанлардан бири бўлган география фанига ҳам салмоқли ҳисса қўшган. 

Маҳмуд Замахшарийнинг ички дунёси, тасаввуфий ғоялари унинг “Атвоқ аз-заҳаб фил-мавоъиз вал-хутаб” (Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари), “Навобиғ ал-калим” (Нозик иборалар) “Мақомот” (Мақомотлар), “Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахбор” (Тақводорлар баҳори ва хабарлар баёни) каби қатор йирик асарларида ўз аксини топган. Алломанинг бу асарлари яратилган давриданоқ олимларнинг диққат  эътиборини тортган ва уларга бағишлангаи кўплаб шарҳлар яратилган. Жумладан, “Атвоқ аз-заҳаб” асарига Шарафиддии Исфаҳоний XIII асрда шарҳ ёзиб, уни “Атвоқ аз-заҳаб” (Олтин ликобчалар) деб атайди. Унинг муқаддимасида олим Замахша­рийнинг юқоридаги асариии ўқиб чиққани ва ғоятда таъсирланиб, унга ўхшаш асар ёзишга киришганини айтади.

[1] Диёнати ҳақиқий. Ҳуқуқ ва бурч//. – Б. 38-39. З.Исломов. 

Ахунжанов Қобилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси