Яратилиш санаси 23.08.2023

Маҳмуд Замахшарийнинг турли фанларга қўшган ҳиссаси ва тасаввуфий қарашлари (2-қисм)

Маълумки, Маҳмуд Замахшарий муътазилия оқимига мансуб бўлган, лекин баъзи диний уламолар фикрича, умрининг охирида аҳли сунна вал жамоа эътиқодига ўтган. Замахшарий мазҳаб борасида ҳанафийлик мазҳабига алоҳида эътибор беради. Жумладан, “Нафаҳот ал-унс” асарида қуйидагича ёзади:

“Аллоҳ таоло еру заминни баланд ва улуғвор татар Стлан берганидек, дини исломни ҳам Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р. а. ) илмлари билан яшнатиб, барака берди”1.

“Саховат ва ҳалимлик Ҳотам Тойга мансубдир, дин бўлса, дини исломдир, илм эса Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (р.а.) илмидир”2.

“Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (р.а.) ҳазратларининг мазҳабига мансуб бўлган мўътабар, қадрли ва эътиборли имомлар дини исломнинг тизгинларидир”. 

Маҳмуд Замахшарий ўз асарларидаги тасаввуфий ғояларда баркамол инсон, унинг етуклик даражасига етишишига алоҳида эътибор беради. У инсон камолотидаги энг асосий пойдевор илм дсб ҳисоблайди. Илм инсонларни ҳаётда ўз ўринларини топишга ёрдам беради, нохуш ҳолатлардан асрайди, дсб уқтиради. Жумладан, “илмли бўл, ёки илмга ишониб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, бироқ тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан”, деб ёзади Замахшарий. 

Замахшарий илмли кишилар, олимлар жамиятнинг пешқадами, эгалари бўлиб, улар хайрли ишларга бош бўладилар, деб уқтиради:

“Еру заминнинг кўркамлиги олимлар билан бўлса, осману фалакнинг зийнати юлдузлар биландир”.

Маҳмуд Замахшарийнинг тасаввуфий қарашлари акс этган асарларидан бири унинг “Мақомот” асари ҳисобланади. “Мақомоти Замахшарий” шу вақтга қадар махсус тадқиқ этилган эмас. 

Маҳмуд Замахшарий ўзининг “Мақомот Замахшарий” асарини ҳижрий 512 йил ражаб ойининг бошида ёзиб тугатди. Асарнинг ёзилиш сабабларини олим асар муқаддимасида баён қилган. Маълумки, Маҳмуд Замахшарий 512 йили жуда оғир дардга чалинади. Кунлардан бир кун у туш кўради на тушида: “Эй, Абулқосим! Ажал – ҳақиқат ва орзу-умидлар – алдамчи!”, деган овозни эшитади. Касалликдан тузалганидан сўнг ўзининг “Мақомот” асарини яратган. 

Замахшарий аксарият асарларини ҳукмдорларга атаб ёзган, жумладан, “Муқаддамат ал-адаб”ни Хоразмшоҳ Алоуддавла Отсизга, “Мақомот”ни эса Макка амири Ибн Ваққосга бағишлаган. Лекин манбаларда кўрсатилишича, ҳукмдорлардан унинг кўнгли тўлмаган ва кейинчалик умуман уларнинг саройига бормасликка, уларга атаб шеър ва қасидалар битмасликка, мол-дунё тамасидан воз кечиб, бутун умрини илм-фанга бағишлашга қарор қилади. 

Маҳмуд Замахшарийнинг “Мақомот Замахшарий” асари Макка амири Абулҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваққосга туҳфа қилинган. Олимнинг мақома жанрида қалам тебратишига унинг замондоши бўлган Ҳаририй томонидан яратилган мақомалар сабаб бўлган эди. Замахшарий Ҳаририй мақомаларидан илҳомланган бўлса ҳам, лекин уларга кўр-кўрона эргашиб тақлид қилмади, балки мақомаларга янги йўналиш бериб, мақомаларининг илмий аҳамиятини кўтарди. Ҳаририй мақомаларининг қаҳрамонлари Ҳорис ибн Ҳаммом ва Абу Зайд ас-Саружийдир. Ҳаририй мақомаларида мақомалар сюжети мана шу қаҳрамонларга боғлиқ. Аммо Замахшарий мақомаларииинг қаҳрамони муаллифнинг ўзидир. Таркибий тузилиши жиҳатидан Ҳамадоний ва Ҳаририй мақомалари бир хил, яъни, ровий томонидан ривоят қилинади. Ҳамадоний мақомалари “ҳаддасака Иса ибн Ҳишом, қола”, деб бошланса, Ҳаририйда ровий Ҳорис ибн Ҳаммомдир. Замахшарий мақомалари “Эй, Абулқосим!” деб, ўз-ўзига хитоб қилиш билан бошланади. Юқоридаги асарларнинг барчаси эллик мақомадан иборат. 

“Мақомот Замахшарий” асари ҳам 50 та мақомадан ташкил топган. Бу элликта мақома турли хил мавзуларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, турли мажлисларда, ўтиришларда панд-насиҳат, ўгит тариқасида сўзлаш учун керак бўладиган ҳикматли сўзлар, бадиий санъатлар, шеърий парчалар, масаллар, ҳикоятлардан иборат. Мақомалар мазмунларига кўра қуйидагича номланган: Мақомат ал-марошид, мақомат ат-тақво, мақомат ар-ризвон, мақомат ал-иръиво, мақомат аз-зод, мақомат аз-зуҳд, мақомат ал-иноба, мақомат ал-ҳазар, мақомат ал-иътибор, мақомат ат-таслим, мақомат ас-самт, мақомат ат-тоат, мақомат ал-мунзира, мақомат ал-истиқома, мақомат ат-таййиб, мақомат ал-қаноат, мақомат ат-таваққи, мақомат аз-зулф, мақомат ал-узлат, мақомат ал-иффат, мақомат ан-надам, мақомат ал-валоя, мақомат ас-силоҳ, мақомат ал-ихлос, мақомат ал-амал, мақомат ат-тавҳид, мақомат ал-ибодат, ақомат ат-тасаббур, мақомат ал-хашия, мақомат ижтиноб аз-зулма, мақомат ат-таҳажжуд, мақомат ад-дуо, мақомат ат-тасаддуқ, мақомат аш-шукр, мақомат ал-усувва, мақомат ан-насх, мақомат ал-муроқаба, мақомат ал-мавт, мақомат ал-фурқон, ма­қомат наҳю ъан алҳаво, мақомат-ассук, мақомат ал-ҳумул, мақомат ал-азм, мақомат ас-сидқ, мақомат ан-наҳв, мақомат ал-аруз, мақомат ал-қавофий, мақомат ад-дивон, мақомат айём ал-араб. 

Ахунжанов Қобилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси