Замахшарийнинг “Рабийъ ал-аброр” асари (2-қисм)
Асарнинг биринчи қисмида одоб-ахлоққа доир маълумотларга бошқа қисмларидагига нисбатан кам ўрин берилган бўлсада, жуда муҳим мавзулар ёритилган. Бу қисмда алоҳида одоб ўргатиш, таълим бериш мавзуси келтирилган бўлиб, унда Маҳмуд Замахшарий дастлаб мавзуга алоқадор иккита ҳадис келтириб, кейин қуйидагиларни баён қилган:
Луқмони Ҳаким: “Отанинг болани уриши экиндаги ўғит мисолидир”, деган[2].
Язид ибн Муовия бир хизматкорни урди. Шунда отаси Муовия унга: “Қандай сенга қўлини кўтаришга қодир бўлмаган кимсага қўл чўзишда қалбинга итоат этдинг?” деди. Шундан сўнг Язид хизматкорни сира урмади.
Бундан отанинг болага одоб бериши қанчалик улуғ иш экани, одоб бериш услуби чиройли мисол ва намуналар билан берилганлигини кўриш мумкин. Оталар ўзлари амал қилганлари учун фарзандлари ҳам уларнинг айтганини ўз ўрнида рад этмай қиладилар.
Муаллиф ушбу бобда ўзининг “Навобиғ ал-калим” асаридан иқтибос келтиради: ““Навобиғ ал-калим”да шундай ёзилган:
Болага гарчи у Қурайш ёки Сақиф қабиласидан бўлса ҳам, одоб бериш лозим ва лобуддир. Ер яхши бўлса ҳам, унга ўғит лозимдир”[3].
Замахшарий олимларнинг гапларидан ҳам мавзуга доирларини келтиради:
Воиз Муҳаммад ибн Субайҳ ибн Саммок айтади: “Эй одам боласи! Сен ҳибсдасан. Отанг сулбида эканлгигингдан бери маҳбуссан. Кейин сен онанг қорнига чиқдинг ва маҳбус бўлдинг, кейин эса дунёга келиб, йўргакда маҳбус бўлдинг. Сўнгра катта бўлдинг, яхшилик ва ёмонликларни ёзиб борувчи фаришталар қўлида ҳам ҳибсдасан, ёшинг улғайиб оиланга муҳтож бўлиб, яна маҳбус ҳолда қоласан. Қабрда ҳам маҳбус бўласан. Ўлимдан кейин ҳам ҳибсда бўлмаслик учун нафсинга роҳат излагин”[4].
Юқоридаги насиҳатда инсон роҳатда яшаши, ўлимдан кейин ҳам роҳатга эришиши учун унга албатта яхши амаллар ва савоб ишлар керак бўлади. Инсон одоб туфайлигина савоб ва яхшиликка эришади. Киши дунёда қанчалик кўп ибодат, силаи раҳм ва яхшилик қилмасин, агар одоби бўлмаса, яъни кимнидир ғийбат қилган, кимнидир ҳақорат қилган, кимнидир масхаралаган, яна кимгадир чақимчилик қилган, кимнидир обрўсига путур етказган бўлса қиёмат куни тўплаган савоблари бошқаларга олиб берилади ва савоблари тугаб қолса, бошқаларнинг гуноҳи ҳам унинг устига юкланади.
[2] Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 1. – Б. 411.
[3] Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 1. – Б. 414.
[4] Ўша асар. – Б. 423.
[5] Қаранг: Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 2. – Б. 487-488.
Ахунжанов Қобилхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси