Замахшарийнинг “Рабийъ ал-аброр” асари (3-қисм)
Асарнинг иккинчи қисмида эса ёмонликка бериладиган жазо ва яхшиликнинг мукофоти, жоҳиллик, хато қилиш, ўзгартириш, бузиб кўрсатиш ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ёмонлиги, ғофиллик, шошқалоқлик, ортиқча нарсалар билан шуғуланиш, кераксиз нарсаларга аралашиш, ўткинчи нарсалар, эътироз, бировларни йиғлатиш, жадал (тортишув)нинг зарарли оқибатлари, жиноятлар, айб ишлар ва уларга бериладиган жазо, таъзир, тавба қилиш фазилати, ҳаё, сукут, узлатнинг фойдалари, дангасалик ҳақида, камтарлик, нафсни енгиш каби фазилатлар, ҳийла, найранг, макр, ёмон ният каби ишлардан четда бўлиш, хайр ва яхшилик, яхши ва солиҳ кишилар ва уларнинг сифатлари, ҳолатлари ва улар ҳақида келган хушхабарлар, яратиқларнинг сифатлари, яхшилик ва ёмонлик, улуғлик ва кичиклик, одоб-ахлоқ, яхши ва ёмон одатлар, ғазаб, юмшоқ кўнгилли бўлиш, қалби қаттиқлик, оғир-вазминлик, дин ва унга тааллуқли намоз, рўза, ҳаж, садақалар, бошқа ибодатлар ва Аллоҳга бандани яқинлаштирувчи амаллар, ёмон нарсалар, сўкиш, ғийбат ва шунга ўхшаш нарсалар, хорлик, хасислик, беҳимматликнинг кулфатлари, Аллоҳнинг зикри, дуо, истиғфор, муножот, ҳамд, тасбеҳ, истиоза (аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм, яъни қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тилайман), Расулуллоҳ (с.а.в.)га саловот айтиш ва шу каби амаллар, хушбўйланиш, унинг турлари ва ишлатиш, одамлар билан муомала қилишдаги одатлар, улар билан мулоқот қилиш, қўл бериб кўришиш, бирга ўтириш, уларни эслаш, зиёрат қилиш, салом бериш, нафас одоби ва шунга ўхшаш амаллар фазилати, исмлар, куня ва лақаблар, уларнинг яхши деб топилган ва ёмон деб топилганлари, улардан қайтариш ва яхшиларига қизиқтириш каби мавзулар атрофлича ёритилган. Асарнинг иккинчи қисми кўпроқ диний амаллар, ибодатларнинг фазилатларига қаратилган. Ибодатлар – намоз, закот, ҳажга жуда катта ўрин берилган[5].
Асарнинг учинчи қисми сафар, келиш, хайрлашиш одоблари, ёшлар, болалик ва ўсмирлик даври, қарилик ва шунга ўхшаш умр босқичларида қилиниши ва қилинмаслиги лозим бўлган ишлар, ватанга бўлган шавқ, ўз оиласи ва яхши кўрганларига нисбатан интилиши, ёмонлик, фаҳш ва ёмон иш қилувчи инсонлар, улардан ҳазир бўлиш, шафоат, ёрдам, орани ислоҳ қилиш ва бу ишда элчилик қилиш, сабр, истиқомат, нафсни шаҳватлардан тутиб туриш, овозлар, шеър ва Қуръондаги оҳанг, ҳалол ва ҳаром нарсаларни куйлаш ва бунга боғлиқ бўлган нарсалар, ростгўйлик (сўзда), ҳақиқат, тўғрилик (барча иш ва ҳолатларда), ҳақни гапириш, динда мустаҳкам бўлиш, Аллоҳ учун ғазаб қилиш ва бошқа нарсалар, сиҳат-саломатлик, хотиржамлик, бадан қуввати, омонат ва унга ўхшаш нарсалар, ҳожатларни кўтариш ва уни адо қилиш, таом ва унинг турлари, ейиш, очлик ва тўқлик ва унга боғлиқ нарсалар одоби, тама, ражо, ҳирс, орзу, ваъдани бажариш ва унга хилоф қилиш, Аллоҳга, Расулига ва мусулмон бошлиқларга итоат қилиш, бўйинсуниш, тавозе, эргашиш, гумон, фаросат, туҳмат, шубҳаланишнинг ёмонлиги, зулм ва золимларга қарши бўлган нарсалар, бировларга азият бериш, қалб қаттиқлиги ва унга боғлиқ бўлган нарсалар, итоб, гуноҳ, шикоят, қул, чўри ва хизматчилар, қулларга яхшилик қилишга буюриш, уларга ёмонлик қилишдан қайтариш ва шу каби ишлар, адоват, ҳасад, ёмон кўриш, сўкиниш, гина-кударатни зикр қилиш, таҳдид ва қўрқитишнинг зарарлари, адолат, инсоф, нарса тақсимлашда тенгликка риоя қилиш, адолатли бўлишни маслаҳат бериш, ожизлик, дангасалик, ишёқмаслик, ишни ортга суриш ва шу каби ишлар, иффатлилик, парҳезкорлик, ҳалол ва ҳаром, эркак ва аёллардан пок ва нопоклик иллатлари каби ишлардан ўрин олган.
сар учинчи қисмидаги ўзига хослик шундаки, унда яхши сифатлар шунчаки келтирилмасдан, балки ҳар бир яхши сифат ва фазилат зикр қилиниши билан унинг ортидан унинг шарафи, унга бериладиган мукофот, ортидан келадиган хайрият зикр қилинади. Унинг сўнгидан эса ушбу яхши сифатларнинг акси бўлган ёмон амаллар зикри келтирилади. Уларнинг зарарли оқибатлари, жамият ва унинг аъзоларига бўладиган салбий таъсири, ундан сақланиш ва қутулиш йўллари, ёмонликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи оғирлиги, уларга бериладиган жазоларни ҳам санаб, огоҳлантириб ўтади[6].
Асарнинг бешинчи қисми ҳам ўзига хос бўлиб, унда беҳуда нарсалар, ўйинлар, лаззатлар, исрофгарчилик, шаҳватларга эргашишнинг хатари, касалликлар, тиббиёт ва унинг фойдалари, касалларни кўргани бориш, мол, касб, тижорат одоблари, мунофиқлик, мадҳ, сано, яхшилик билан эслаш ва унга ҳаракат қилиш, яхши саъй-ҳаракатларнинг мақталиши ва мақталган хислатлар, кулиш, мазах қилишдан қайтариш, унга берилган рухсат ва шу кабилар, ўлим ва унга боғлиқ бўлган қабр, таъзия ва бошқаларнинг одоблари, подшоҳлик, султонлик, амирлик, байъат, халифалик, волийлар ва уларга тегишли одоблар, аёллар, уларнинг никоҳи, талоғидаги одоблар ва улар билан бирга яшаш, насиҳат, мавъиза, ёмонликдан қўрқитиш, шафқат, раҳмат ва унга тегишли нарсалар, неъмат, унга шукр қилиш, у берилганда эълон қилиш, куфрони неъмат қилиш, миннат қилиш ва шунга ўхшаган нарсаларнинг касофати ҳақида, уйқу, туш, уни ажойиб таъбир қилиш ва унга боғлиқ бўлган нарсалар, аҳдга вафо қилиш, зиммадаги нарсаларга риоя қилиш, омонат, ишонч, сирларни яшириш ва шунга ўхшаш нарсалар, жасорат, ҳадя, пора, ҳадя бериш ва ҳадя сўраш, пора сўраганнинг ҳукм(жазо)да бир хил бўлиши, умидсизлик, қаноат, Аллоҳ берганига рози бўлиш, Аллоҳга таваккул қилиш, ишларнинг Унинг Ўзига топшириш, тамаъдан тозаланиш каби мавзулар ёритилган[7].
[4] Ўша асар. – Б. 423.
[5] Қаранг: Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 2. – Б. 487-488.
[6] Қаранг: Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 3. – Б. 473-474.
[7] Қаранг: Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр. Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 5. – Б. 447-448.
Ахунжанов Қобилхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси