Замахшарийнинг “Рабийъ ал-аброр” асари (4-қисм)
Асар беш қисмдан иборат бўлиб, араб тилида ёзилган. “Робийъ ал-аброр ва нусус ал-ахбор” Қуръони карим тафсирига бағишланган “ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат-танзил”дан сўнг ёзилган. Муқаддимада муаллиф инсонлар “ал-Кашшоф”ни ўқиб бўлганларидан сўнг уларнинг диққат-эътиборини ушбу китобга қаратишга, бу китоб мевали боғ ва гулшан каби бўлиб, инсонлар уни ўқиб, гўё унинг гулларидан териб, унга дўст бўлиб қолишга чақирган. Шунинг учун китобни “Робийъ ал-аброр ва нусус ал-ахбор” яъни “Яхшилар баҳори” деб номлаган. Ушбу китоб тўқсон саккиз бобдан иборат бўлиб, турли мавзуларни қамраб олган. Муаллиф асарнинг мавзуларига оид ҳадислар, у ҳақида келган саҳоба ва тобеийнлар, зоҳид, мутасаввиф, араб ва форс донишмандлари сўзлари, мавжуд бўлса ўша маънодаги шеър, Бани Исроил пайғамбарларининг сўзлари ва бошқаларни лўнда ва тушунарли тарзда келтирган. Замахшарий бу китобида ўзининг “Дийвонул-манзум” ва “Дийвонул-мансур” каби асарларидан ҳам маълумотлар келтириб ўтган.
Асарнинг бир неча мухтасарлари мавжуд. Мавло Муҳйиддин ибн Хатиб Қосим ибн Яъқуб (ваф. 940ҳ.) мухтасар ҳолга келтириб, “Ровзул-ахбор ал-мунтахаб мин робийъил-аброр” деб атаган. Унинг яна “Анварур-робийъ” ва “Нафаҳоту азҳари робийъил-аброр” номли қисқартмалари ҳам мавжуд.
Умуман олганда ушбу китоб шеър, тарих, одоб-ахлоқ ва бошқа турли соҳаларни ўз ичига олган асар ҳисобланади.
Асарни Абдулъамир Али Меҳно таҳқиқ қилиб, 1992 йил Байрутда нашр этган.
Асарда муаллиф табиат ҳодисалари, ер ва осмон жисмлари ҳақида маълумотлар келтирилиб, ўқувчини тафаккурга чорлайди. Ватанни севиш, дўстлик, биродарлик, меҳр-муҳаббат, одоб бериш, таълим, маданиятли бўлиш, устозларни ҳурмат қилиш каби бугунги кунда долзарб бўлган масалалар атрофлича ёритилган.
Асар том маънода ҳозирги глобаллашув жараёнида миллийлик ва маънавиятни тиклаш, уни ривожлантириш, ёшларни турли “маданиятлар” таъсирига тушиб қолишдан қайтариш, яхшиликка чақиришда ўта муҳим аҳамият касб этади.
Одоб – инсоннинг кўрки. Маҳмуд Замахшарий бунга эътибор бергани учун “Рабийъ ал-аброр” асарини барча учун содда тилда, ёшу қарига мос келаверадиган тилда ёзган. Бошқа одоб-ахлоққа оид асарлардан фарқли жиҳати шундаки, бу асарда келтирилган маълумотлардан ўқиган одам ўзига қуйиадаги хулосаларни чиқаради:
- Инсон одобсиз инсонлик мартабасидан тушиб қолиши, ҳатто ҳайвондан ҳам тубанлашиши мумкин;
- Олдинги ўтган қавмларнинг аксарияти одобсизлиги учун азобга гирифтор бўлган;
- Қаерда одоб бўлмаса, ўша ерда таназзул, ҳалокат ва вайроналик бўлади;
- Ёши улуғ кишилар ҳаёт тажрибаси ёшларга китобдан ҳам кўра кўпроқ сабоқ беради;
- Киши одобни ўзидан кичиклардан ҳам ўрганиши лозим, чунки у бунга муҳтождир;
- Инсон умр бўйи қилган яхшиликларидан одобсизлиги туфайли маҳрум бўлиб қолади;
- Қўл остидагиларга ҳурматда бўлмаган бошлиқ ҳалок бўлиши табиий;
- Инсон қилган ҳар бир яхшилиги учун албатта, мукофот ва ёмонлиги учун жазо олиши муқаррардир. У бу дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам берилиши мумкин;
- Инсон билан Аллоҳнинг ўртасидаги ҳақлар кечирилиши осон, лекин инсонлар ўртасидаги ҳақлар олиб берилмагунча у жаннатга ҳам кирмайди, дўзахга ҳам;
- Яхши хислатларни ўзида шакллантириш учун инсонга яхшилар суҳбати, мавъиза даркордир;
- Қариндош-уруғ, дўст-ёрларни зиёрат қилиб туриш орқали ҳам инсон яхшилар сафига қўшилади ва ҳоказо.
Ахунжанов Қобилхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси