НАМОЗ УЛКАН ИБОДАТ
Аллоҳ таоло бандаларига бир кунда беш вақт намозни фарз қилди ва намозни қоим қилган кишига улкан ажр, уни тарк қилган эса кишига улкан гуноҳ белгилаб қўйди. Намоз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳузурида ибодатларнинг энг аҳамиятлиси ва буюгидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ким таҳорат олса, таҳоратини гўзал қилса, сўнгра чалғимасдан икки ракат намоз ўқиса унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Ва яна: “намоз диннинг устуни. Ким уни қоим қилса динини қоим қилибди. Ким уни бузадиган бўлса динини бузибди”, деганлар.
Ва яна у зот: “Қиёмат куни бандадан сўраладиган биринчи нарса унинг намозидир”, деганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ким намозларни муҳофаза қилса Қиёмат куни унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимки намозларни муҳофаза қилмаса унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди. Қиёмат куни у Қорун, Фиръавн, Ҳомон ва Убай ибн Холаф билан бирга бўлади”, дедилар.
Демак, ҳар бир мусулмон намозга катта аҳамият қилиши ва уни адо қилишда дангасалик қилмаслиги лозим. Чунки намозни тарк қилиш ва уни адо қилишда дангасалик қилиш дунё ва охират надоматига сабаб бўлади. Қиёмат куни мусулмон киши кофирлар билан бирга ҳашр қилинишдан кўра оғирроқ надомат борми?!
Мажнун ва ёш боладан бошқа ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга намоз фарз бўлади. Ёш бола 7 ёшга етса намозга буюрилади. 10 ёшга етганда намоз ўқимаса, балоғатга етишдан илгари намозга одатланиши учун урилади.
Бир киши бир намозни унутиб қўйиб, намоз вақти ўтгандан кейин эсласа ёки ухлаб қолиб намоз вақти ўтгандан кейин уйғонса гуноҳкор бўлмайди. Шунингдек хушини йўқотиш сабабидан бир неча намоз қолиб кетса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Лекин хушига келгандан кейин ёки уйқудан уйғонгандан кейин кечиктирмасдан қазосини ўқийди. Агар қазосини ўқиш макруҳ вақтга тўғри келса макруҳ вақт ўтгунча қазосини ўқишни кечиктириб туради.
Софватуллоҳ Қаюмов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси