Яратилиш санаси 21.03.2024

Наврўз умумхалқ байрамидир!

Ушбу кун кеча билан кундузнинг тенглашган пайтидир. Ушбу байрамнинг кириб келиши билан кўпгина Ўзбек оилалар Сумалак, Халим, Кўк сомса, Ош каби турли миллий таомларни тайёрлайдилар. Мазкур таомлар одамзод организмига фойдали бўлган кўп витаминларга бойдир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбек халқининг қадимий урф-одатлари ва анаъналари кучга кирди, жумладан Наврўз байрамини нишонлаш ўзига хос тусга эга бўлди. Бу байрам барча халқларнинг дўстлик ва бирлик рамзига эга бўлган умумхалқ байрамдир.  

Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамал (ҳомиладор қўй)га кириши билан “Наврўз”, “Янги кун”, у билан бирга эса янги йил ва янги фасл – баҳор кириб келади. Наврўз ва янги йил келиши биланоқ, баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. 5000 йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.

Истиқлол ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳалари, айниқса, маънавий-маърифий соҳалардаги кенг имкониятлар эшигини очди. Марҳум биринчи Юртбошимизнинг фармонлари шарофати ила юртимиз яна жонажон Наврўзга бағир очди. Асрлар оша эзгулик, нафосат ва яшариш байрами бўлиб келган бу қадимий байрам истиқлол йилларида янада ўзгача тароват касб этмоқда.

Маълумки, ислом тақвимлари Ой календари ва Қуёш календарига бўлинади. Аллоҳ биз бандалар ҳисоб-китобни, йил, ой ва кунлар ададини билмоғимиз учун Қуръони каримда буржларни зикр қилиб, улар билан қасам ичади. Каломуллоҳда “Буруж” номли сура ҳам мавжуд бўлиб, унинг 1-оятида Аллоҳ айтади: “Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан”. Бу ўринда буржлардан мурод – осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир. “Фурқон” сурасининг 61-оятида эса Парвардигор шундай марҳамат қилади: “Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган зот баракотли (буюк)дир”.

Мазкур оятлардан маълум бўладики, буржлар беҳудага ва бесабаб яратилмаган, шунингдек, Аллоҳ ҳам бежиз буржлар билан қасамёд этмаган. Унинг Қуёш ва Ой билан, юлдузлар билан қасам ичишида ақл эгалари учун оят – ибратлар бордир. Зотан, Қуёш ва Ойнинг яратилишидан мақсад ҳам биз бандаларнинг ҳаётий, диний, деҳқончилик ишларимизни Аллоҳ тақдир қилган илоҳий тақсимот – 12 бурж асосида белгилаб олишимиз заруратидир.

Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.

Ҳадиси шарифда ҳам зироатчилик билан шуғулланиш улуғ иш эканлиги кўп маротаба такрорланган. Чунки, деҳқонлардан барча манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни барча жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис касблар ичида ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади. Жобир (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) шундай лутф этганлар: “Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир” (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам қиёмат кунида жаннатийлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади. Табиийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак.

Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Шунга кўра, Наврўзни баҳор байрами, деҳқончилик юмушлари бошланганлиги нуқтаи назаридан нишонлаш бизнинг юртимизда азалдан урф бўлган.

Маълумки, Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Деҳқонлар экин экишни, ерга уруғ қадашни, умуман зироат юмушларини бошлаб юборишади. Ваҳоланки, ерга уруғ қадаш бизда ибодат даражасига кўтарилган. Чунки, деҳқончилик – ҳалол ризқ, ҳалол луқма, ҳалол меҳнат ва фаровонлик асоси. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳли аёлларининг нафақаларини Мадинаи мунаввара яқинидаги Хайбар еридан тушадиган ҳосилдан олар эдилар. Аҳли аёлларидан ҳар бирига ҳосилдан юз васақ (бир васақ тах. 190 кг) берар эдилар.

Деҳқончилик бизга аждодлардан мерос. Юртимиздан етишиб чиққан буюк тариқат намояндаларининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланишган. Хожа Муҳаммад Бобо Самосий – боғбон, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўз ерларига буғдой, мош ва бошқа экинлар экиб тирикчилик қилганлар. Хожа Аҳрор ва Жўйбор шайхлари даромадининг бир қисми асосан зироатдан бўлиб ундан нафақат шу хонадон аҳли, балки халқ оммаси ҳам баҳраманд бўлган. Хожа Аҳрор Валий ўз омборларида сақланаётган беҳисоб ғаллаларни фуқаронинг ризқи деб ҳисоблаган. Жўйбор шайхлари эса мамлакатда дон тақчиллиги сезилганда ўз омборхоналаридаги ғаллаларни муҳтожларга тарқатишган. Ариқлар қазиш, янги ерларни ўзлаштириш, боғу роғлар барпо этиш борасида бу икки хонадон аҳлининг хизматлари алоҳида эътиборга молик.

Улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”. Улуғ уламоларнинг фатволарига эътибор берсак, Наврўзи Жамшидий ва Наврўзи Мажусий лолалар очилган, саҳролар яшнаган пайтда ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни кўрамиз. Наврўз ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмлар соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.

Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб деҳқонларимиз, боғбонларимиз зироат ва кўчат тадоригини кўришади. Жумладан, тўқсон деган мавсум 5 декабрдан 5 мартгача давом этади. 21 январ – қанталоғди куни. “Қанталоғдидан кейин қиш бўлмас, қанталоғдидан сўнг ерда қор турмас” ҳикмати оғиздан-оғизга ўтиб келиб, асрлар оша деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қанталоғди дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кунгача ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонига ағдарилиб ухлашга одатлангани учун тўқсон куннинг иккинчи ярми қанталоғди деб юритилган. 22 декабрдан 20 февралгача – чилла мавсуми кечади. Бу мавсумда асосан ернинг шўрлари ювилади.

Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, Бунёдкорлик, Эзгулик, Яшариш ва Яратиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун Уйғониш ва Янгиланиш айёмидир. Кўп минг йиллик тарих синовларидан омон-эсон ўтиб келган Наврўз бугун остонамизда эшик қоқиб турибди. Юртимизда бу мўътабар айёмни, гўзаллик ва нафосат байрамини нишонлаш аллақачон бошлаб юборилди. Баҳор байрами, кўклам қувончи билан йўғрилган нафосат байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!

манба: Ҳазрат Навоий .уз

Содиқжон Мадмусаев, 

“Ҳидоя“ ўрта махсус ислом билим юрти 
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари