Яратилиш санаси 20.09.2023

ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ (АЁЛ – МЎЪТАБАР ЗОТ)

Аёл бу – она. Мухтарам биринчи Призидентимиз “Аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эзозлаган бўламиз” дея бежизга айтмаганлар.

Ибн Жарир Табарий ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен xотинимнинг мен учун безанишини ёқтирсам, ўзимнинг ҳам xотиним учун шундай безанишимни ёқтираман”, дедилар”.

Жалолиддин Румий: “Аёл ҳаққида диққатли бўл! Уни бошинга кўтар! Зеро, агар оналар тўлғоқ оғриғи чекмаганларида чақалоқлар дунёга келиш учун йўл топа олмас эди” - деганлар.

Аёлларнинг энг фазилатлиси ва мартабаси баланди эри олдига итоатли бўлган оналардир. Улар фарзанд кўришда кечирган қийинчилик ва ташвишлар сабабли шундай улуғ мартабага лойиқ бўлишларини унутмаслигимиз керак. Чунки инсон онасидан нафақат моддий озуқа, балки маънавий озуқа ҳам олади.

Фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисил матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ҳоксор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин! Чунки, улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғирлайман деб, уринсанг синдирасан. Агар уни тик қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас аёлларга доимо яхшилик қилинглар!”.

Аввало, аёл деганда – онамиз, опа-синглимиз ва жуфти ҳалолимиз кўз олдимизда гавдаланади.  Қачонки, аёл маънавияти соғлом, жисмонан бақувват бўлса ундан соғлом болалар дунёга келади. Келажак авлоднинг баркамол ва соғлом бўлиб вояга етишишига онанинг солиҳа бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Аллоҳ таоло аёл зотини ардоқли, эркакларга жуфти ҳалол ва орому сакинат, оиланинг чироғи ва посбони, фарзандлар мураббияси қилиб яратган. Қуръони Каримда бундай дейилади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” . (Бақара, 187) 

Жамиятнинг деярли ярмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш-юмушлари ва ташвишларининг аксарияти улар зиммасидадир. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасида қатор вазифалар юклатилиши баробарида, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга экани айтилган. Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” деб сўраганда, у зот  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Еганингизда уни ҳам едиришингиз, кийганингизда уни ҳам кийдиришингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётишингиз унинг ҳақларидир”, деганлар. (Абу довуд ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар” деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга кўра бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилиши лозим, уларни турли ёмонлик, ҳавф-хатар ва иллатлардан ҳимоялаш, ҳурматини жойига қўйиб, чиройли муносабатда бўлиш эса эркакларнинг зиммасидадир. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига аёлларга яхши муносабатда бўлишни буюриб, бундай марҳамат қиладилар: “Мўминларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши бўлганларингиз”.(Термизий ривояти) 

Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин хотин-қизлар, она-бола ва ёш оилаларга катта эътибор берила бошлади. Ёш авлод соғлом ўсиши, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг шароитлар яратилди. Бўлажак она бўлмиш қизларимиз руҳан ва жисмонан бақувват бўлиб улғайишлари муносиб авлод бўлишлари йўлида бебаҳо қадриятларимиз ҳаётда татбиқ этиш изчил давом этмоқда. Жумладан, анъанага айланиб қолган, ҳар бир йилни ҳукуматимиз томонидан бир ном билан номлаш, масалан, 1998 йилнинг “Оила йили”, 1999 йилнинг “Аёллар йили”, 2000 йилнинг “Оналар ва болалар йили”  ҳамда  2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши, авваламбор, оилага, қолаверса, аёлларга бўлган эътиборнинг ажойиб намунаси десак бўлади.

Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият соҳиби, масъулият соҳиби бўлган барча хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини сўраб дуолар қиламиз.

Шавкатжон МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ислом билим 
юрти ўқитувчиси