Илм йўлидаги дўст
Илм қалб чироғидир. Илм инсонларга дунё ва охиратда энг тўғри йўл кўрсатувчидир. Илм ўз аҳлига зийнат ва фазилатдир. Илм талаб қилишлик ҳикматларда айтилганидек, ҳар бир киши учун шартдир. Энди ана шу илм талаб қилишликда, устозларига, билим даргоҳига ва бирга таълим оладиган синфдош-ўртоқларига бўлган муносабати эътиборлидир. Чунки, илм талаб қилувчи ўқувчининг илмининг зиёда бўлишлиги, илмда равнақ топишлиги ҳар жиҳатдан унинг устозларига ва шерикларига бўлган ҳурмат – эҳтиромига боғлиқдир. Хусусан, ўқувчиларнинг синфдошларига бўлган муносабати аҳамиятлидир. Аввало, ўқувчилар синфдош ўртоқларини ҳурмат қилмоқликлари лозим. Чунки кимки шерикларини ҳурмат қилса, ўзи ҳам ана шу жамоа ичида ҳурмат топади. Шериклари қандай бўлишидан қатъий назар, ҳоҳ у бой бўлсин, ё камбағал, ҳоҳ у катта бўлсин, ё кичик, шерикларини ҳурмат-иззат қилиши керак. Имом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Илм олувчининг илм олиш йўлларидаги йўл-йўриқлари” китобида айтадиларки: “Илм толиби шерикларини ва бошқа талабаларни ҳам ҳурмат қилмоғи, уларга раҳм-шафқат, иззат-икром ва ёрдамини кўрсатиши керак бўлади. Зеро, мазкур ишлар ҳам аслида илмни ва илм аҳлини ҳурматлашга киради”. Дарҳақиқат, илм аҳлини, илм олишдаги шерикларини ҳурмат қилишлик илмни ҳурмат қилишликдандир. Қачонки, илмни ҳурмат қилиб, унга муҳаббат бериб, уни олишликда жидду-жаҳд қилинсагина унга эришилади. Қолаверса, яна ўқувчи синфдошлари билан ака-укадек муносабатда бўлиши керак. Чунки бир неча йиллар давомида улар бир синфда ўқийдилар, бирга юрадилар, бирга дарс тайёрлайдилар ва яна мактабдан сўнг ҳам кўпгина тадбирларда бирга бўладилар. Ана шу жиҳатдан ўқувчилар бир-бирлари билан аҳил, иноқ ва ака-укадек муносабатда бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Зеро, Қуръони Каримда, “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир” деб марҳамат қилинган. (Хужурот сураси, 10-оят)
Бундан ташқари синфдошлар бир-бирларига қийинчилик вақтларида, бирор мушкуллик тушганда ёрдам бермоғи, касал бўлган вақтларида холларидан хабар олмоғи лозим. Шерикларини айбларини яшириб, у айбларини ҳеч ким йўқ жойда тўғри тушунтириш лозим. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар, “Ким бир мўъминдан дунё қийинчиликларидан бир қийинчиликни кетказса, Алло таоло ундан Қиёмат қийинчиликларидан бир қийинчиликни кетказади. Ким бир мусулмон кишини айбларини яширса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда айбларини яширади. Ким бир биродарини ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло уни ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти)
Шунингдек, ўқувчи синфдошларига ёлғон гапирмаслиги, уларни нарсаларига ҳиёнат қилмаслиги, уларни йўқ пайтида орқасидан ғийбат қилиб гапирмаслиги зарур бўлади. Чунки, бу нарсалар уларнинг орасидаги меҳр-оқибатни кўтариб қўяди. Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар, “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга хиёнат қилмайди, ёлғон гапирмайди, ёрдамсиз қўймайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли ва қони бошқа мусулмонга ҳаромдир”.
Яна ўқувчининг ўз синфдошлари олдидаги вазифаларидан бири уларга панд-насиҳат қилмоқлиги. Яъни, адашган синфдошларини тўғри йўлга чақирмоқлиги, уларга чиройли насиҳат қилиб, ёмон иллатлардан қайтармоқлиги лозим. Уларни ўқишга, яхши, фойдали ишларни қилишга ундамоқлиги ва унга далолат қилмоқлиги лозим.
Пайғамбаримиз Росули акрам (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қилинадики, “Ким бир кишини яхшиликка далолат қилса, унга ҳам ана шу яхшиликни қилган кишига берилган савоб миқдорича савоб берилади”. (Имом Муслим ривояти)
Бундан ташқари ўқувчи синфдошлари ичидан ўзига дўст танлаётганида тиришқоқ, жиддий, табиати чиройли, хулқи ўзгармайдиган, тушунадиган ўқувчини танлаши лозим. Чунки, Ҳаким зотлардан бири айтадиларки, : “Кишининг ким ва қандай эканлигини билмоқчи бўлсанг, унинг феъл атворлари тўғрисида сўрама. Балки, унинг яқинлари, дўстларига қара. Чунки, хислат ва фазилат кишилардан бир-бирига ўтувчидир”. Шунинг учун, имкони борича ёмон хулқли, қайсар ва бадфеъл шериклардан ўзини узоқроқ тутиш лозим. Улар билан тортишмаслик, бахслашмаслик керак. Бу нарсалар вақтни зое қилади ва ўртада гина-кудурат, адоватни келтириб чиқаради.
Ўқувчилар бир-бирларини яхши кўриб, Аллоҳ йўлида дўст бўлмоқлари ва уларни холларидан хабар олиб турмоқликлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, ўтган улуғларимиз : “Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: “Қаерга боришни хоҳлайсан?” деганида, ҳалиги киши: “Мана бу қишлоқдаги биродаримникига”, деди. Фаришта: “Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?” деганида, “Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман”, деди. Шунда ҳалиги фаришта: “Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта, Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради”, деди”, деб марҳамат қилганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, илм олаётган ўқувчи-талабалар ўз синфдош-шериклари билан чиройли муомалада бўлишлари, саломни очиқ қилишлари, доим бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари керак бўлади.
Шавкатжон МАДАМИНОВ
“Ҳидоя” ислом билим
юрти ўқитувчиси