Яратилиш санаси 22.11.2023

Ислом инсонпарварлик ва осонлик динидир

Ислом осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ислом шариатида инсон тоқатидан ташқари нарсани жорий қилмаган. Ибодатларни ҳам меъёрида фарз қилган. Узрли кишиларнинг узри эътиборга олинган. Борингки, ҳар бир нарсада енгиллик бўлиши чораси кўрилган. Енгиллик бўлсин, аммо ибодат бўлсин, давом этсин, тўхтаб қолмасин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасида мусулмонларга мурожаат қилиб: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни ҳоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).

Бандаларга доимо енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик–Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, “Ҳушҳабар беринглар, нафратлантирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, деганлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг охирида айтади: “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас...”(286-оят).

Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди–яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. 

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига, унинг моҳиятига тушуниб етишга бугунги кунда эҳтиёжимиз катта. Аллоҳдан қўрқадиган банда бўлиш учун ўзини қийнайдиган бирор ишни қилишнинг ҳожати йўқ. Дунёдаги Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда бўлиш учун оғир келадиган бирор иш қилиш шарт эмас. Балки, таркидунё қилмай, дунёдаги ҳалол нарсалардан тўла баҳраманд бўлган ҳолда, меъёрида ухлаб, еб-ичиб, оила қуриб ҳам энг тақводор, Аллоҳга энг яқин банда бўлиш мумкин.

Бу улкан ҳақиқатни дунёдаги энг маҳбуб банда, энг улуғ Пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидан билиб олиш мумкин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида ухлаб, вақтида ибодат қилардилар. Вақтида овқатланиб, вақтида рўза тутардилар. Жуфти ҳалоллари билан оилавий ҳаётни давом эттирардилар.

Ислом Аллоҳнинг дини бўлгани учун унда инсоннинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Чунки, инсонни яратган Аллоҳ унинг эҳтиёжларини ҳам яхши билади. Агар инсон доимо оч юриши керак бўлганида, Аллоҳ уни таомга ҳожати тушмайдиган қилиб яратган бўлар эди. Агар инсон доимо овқат қилиб юриши лозим бўлганида, Аллоҳ рўзани фарз қилмас эди. Демак, инсон меъёрида еб-ичиб, меъёрида оч қолиши керак. Инсоннинг доимо оч қолишидан Аллоҳга ҳам, ўзига ҳам фойда йўқ. Аммо, инсоннинг меъёрида оч қолишида Аллоҳга фойда бўлмаса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор. Ислом кишиларни шунга буюради.

Шунингдек, инсон кечаси ухламаслиги керак бўлганида, Аллоҳ уни уйқуга хожатли қилиб яратмаган бўлар эди. Агар инсон умуман ибодат қилмай ухлаб ётаверса, ҳайвондан фарқи йўқ бўлиб қолмаганида, уни ибодатга амр қилмас эди. Инсоннинг ҳаддан ташқари кўп ухлашида Аллоҳга ҳам, инсоннинг ўзига ҳам фойда йўқ, балки ўзига зарар бор. Инсоннинг меъёрида ухлаб, меъёрида ибодат қилишида эса Аллоҳга фойда йўқ бўлса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор.

Агар инсон уйланмай ўтиши керак бўлганида, Аллоҳ таоло уни эркак-аёл қилиб, бир-бирига эҳтиёжли қилиб яратмас эди. Шунингдек, инсон жинсий майлининг ҳалол никоҳ йўли билан қондирмай, ҳаром йўл билан қондирганда ҳайвондан фарқи қолмайдиган бўлмаганида, Аллоҳ никоҳни жорий қилмас эди. Инсоннинг уйланмай ўтишидан Аллоҳга фойда йўқ, бандага зарар бор. Шунингдек, банданинг жинсий ҳаётда хоҳлаганини қилаверишида ҳам ўзига зарар бор. Ислом доимо бандаларга яхшиликни раво кўрганидан уларга никоҳ йўли билан, ҳалол-пок равишда жинсий майлларини қондиришларини йўлга қўйди.

Исломда ухлаш, овқатланиш, оила ҳаёти каби нарсалар дунёвий иш ҳисобланиб, улардан ҳазар қилишга чақирилмайди. Балки бу нарсалар Ислом таълимотларига мос бўлиб, яхши ният билан амалга оширилса, савоб бўлади, ибодат ҳисобланади.

Шавкатжон МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ислом билим 
юрти ўқитувчиси