Яратилиш санаси 07.12.2023

Кексаси бор юрт- нурга тўлган боғ

Кексаларни ва ўзидан катталарни эҳтиром қилиш ўз қадр-қийматини билган ҳар бир жамиятнинг энг аҳамиятли қадриятларидан бири ҳисобланади. Бу қадриятлар уларга амал қилган жамиятларда ўзига муносиб олий мақом жой олади. Мана шундай диёрлардан бири, уч минг йилдан очиқроқ тарихга эга бўлган азиз ва жонажон Ватанимиздир. Тарих саҳифаларини варақласак бу борада аждодларимизнинг чинакам намуна сифатида учратамиз. Бу хусусда буюк бобакалонимиз Алишер Навоий айтадилар:

То йигит эрдим, қариларға кўп эрди хидматим
Қариған чоғда йигитларға оғирдир суҳбатим.

Бундан Навоийдек зот ҳам кекса инсонларга хизмат қилганини биламиз. Пайғамбар  соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Каттамизни улуғламаган, кичкинамизга раҳм қилмаган биздан эмас”  дедилар. Демак, бундан кўринади, ҳар бир инсон ўзидан каттани эъзозлаши, хизматида бўлиши, оғирини енгил қилиши зарур. Шу каби кичикка ҳам раҳм-шавқат туйғулари қамраган муносабатда бўлиши лозим. Бугун бобо-бувимиз кўмагимизга муҳтож. Эртага ота-онамиз муҳтож бўлади. Ортидан биз ҳам кимгадир муҳтож бўламиз, шундай экан бугун яхши хизмат қила олсак эртага бизга ҳам чиройли хизматда бўлишади. 

Кексаларнинг дуоси ижобат. Халқимиз кексалар тимсолида турмушнинг файзу баракаси, қувончу шодлигини кўришга одатланган. Айниқса, ёш авлоднинг кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, ота-онасини бениҳоя эъзозлаши асрлар синовидан ўтган маънавий қадрятларимиздандир. Чунки ёши улуғ, нуроний кексаларимиз умримиз чароғбонлари, уларнинг пурмаъно маслаҳат ва ўгитлари ишларимизга унум бағишлаб, ҳаётимизни безаб келган. Шунинг учун ҳам хонадонларимиз файзу баракаси бўлган кексаларга нисбатан “Кексалик-ҳаёт зийнати”, деган нақл доимо такрорланади. Бундай гўзал аҳлоқ, чиройли анъаналар муқаддас динимиз ислом кўмагида равнақ топди.

Динимиз муаллими Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ўтирган вақтларида эмизиш жиҳатдан оталари Абу Кабаша Ҳорис ибн Абдулуззо келиб қолдилар. У зот унга кийимларини бир четини тўшаб бердилар. У ўтирди. Сўнг эмизган оналари –Ҳалима Саъдия келиб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга кийимларининг бошқа тарафини тўшаб бердилар. Эмизган оналари ўтирдилар. Кейин эмизган укалари келиб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, уни олдиларига ўтказдилар. Бундан кўринадики, оламларга раҳмат, инсониятнинг афзали сарвари коинот ҳам силаю раҳм қолаверса, ўзларидан  каттага хурмат кўрсатишликда намуна бўлдилар. Бизлар ҳам У зот алайҳиссаломга эргашсак, икки дунё саодатига эришамиз.

Шавкатжон МАДАМИНОВ

 “Ҳидоя” ислом билим 
юрти ўқитувчиси