Яратилиш санаси 18.01.2024

Қаноат – қалбга роҳат

Донишманд халқимиз: “Оз бўлса етар, кўп бўлса кетар” дея бежизга айтмаган. Дарҳақиқат, қаноат ҳақида сўз очилганда, албатта, бу сўзга сабр сўзини қўшиб ёзамиз, гапирамиз, боиси битта, бу сўзларни бир-биридан ажратиб тасаввур қилиш мушкул.

Тарихдан маълумки, она халқимизнинг юксак комил инсон бўлиб камолга етишларида буюк алломаларимиз, улуғ уламолар, бобокалонларимизнинг ёзиб қолдирган бой маънавий меросларининг ўрни беқиёсдир. Мана шундай комил инсоннинг сифатларидан бири қаноат ҳақида тўхталар эканмиз. Аввало, Қаноат ўзи нима эканини билиб олишимиз даркор! Ҳакимлардан бири айтадики: Қаноат – тақсимланган ризққа кўнгил хотиржамлиги – деб айтган, яна бири айтадики: Қўлингдаги борига шукр қилиб, ушалмайдиганига умид боғлайвермаслигинг - деб айтганлар. Муқаддас ислом динимизнинг асосий манбалари Қуръон ва суннатда қаноат борасида марҳамат қилинган оят ва ҳадислар билан танишсак.

Эркакми ё аёлми  кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлиги баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.

Жобир  ибн  Абдуллоҳ (розияллоҳу  анҳу) ривоят қиладилар : Пайғамбар (саллолоҳу алайҳи вассалам): “Қаноат  - тугаб битмайдиган хазинадир” – дедилар.

“Қаноат – инсон ўзига тақсим қилиб берилган нарсалар (ризқ – рўзи, умри, амаллари, бахтли ёки бахтсизлардан бўлишига)га рози бўлишидир”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу  анҳу) ривоят қиладилар: Пайғамбар (саллолоҳу алайҳи вассалам): “Парҳезкор  бўл, инсонларнинг энг ибодатлиси бўласан,  қаноатли бўлгин, одамларнинг шукр қилувчироғи бўласан” – дедилар.

Ривоят қилинишича: “Фақиру – мискинлар бамисоли ўликларга ўхшайди,  лекин Аллоҳ таоло уларни қаноатлари туфайли қайта жон бахшида этган инсонлардир” – дейилган.

Бишр Ҳофий: “Қаноат – мўмин инсоннинг қалбидагина таскин топадиган мулкдир” – деган эканлар. 

Абу Сулаймон Дороний: “Ризо мақомидаги қаноат сифати гўёки зуҳд мартабасидаги вараъ мақомига ўхшашдур, қаноат – ризо мақомининг аввалги  мартабаси бўлса, вараъ – зуҳд мақомининг энг биринчи мартабаси ҳисобланур” –дедилар. 

Абу Бакр ал-Мароғий: “Ақлли инсон – дунё ишларини қаноат ва орқага  суриш билан, охират ишини эса, қизиқиш ва тезлаштириш билан, дин ишларини илми ва ижтиҳоди билан амалга оширадиган кишидир” – дедилар.

Абу Абдуллоҳ ибн Хафиф: “Қаноат – йўқ нарсаларга ортиқча  қизиқавермаслик, мавжудларидан беҳожат  бўлиш” – дедилар. 

Ваҳб ибн Мунаббаҳ: “Азизлик ва беҳожатлик ўзларига биродар ахтариб, йўлга тушишганда, қаноатни учратиб, ҳамсафар бўлишган экан” - дедилар.

Ривоят  қилинишича: “Кимнинг қаноати кучли бўлса, унга барча нарса тотли бўлади, кимки, барча ҳолларда холиқига тавба қилиб юрса, Аллоҳ уни қаноат билан ризқлантириб қўяди” - дейилган.

Ривоят  қилинишича: “Абу Ҳозим (р.а) семиз қўй осиб қўйган қассоб олдидан ўтаётганларида, қассоб: “Эй, Абу Ҳозим, бу семиз қўйдан олиб кетинг” – деди, у киши: ёнимда пулим йўқ” – деди, қассоб: “Мен қарз бериб тураман” – деди, шунда ул зот: “Ўзимда, бундан ҳам яхшироқ қарзим бор, бу –жон қарзимдур” – деб жавоб қилдилар.

Ривоят  қилинишича: “Инсонлар ичида энг қаноатлиси ким? – деб сўралганда,  инсонларга фойдаси кўп тегадигани, уларга оғирлиги кам тушадигани” – деб жавоб қилинди.

Ривоят  қилинишича: “Аллоҳ таоло бешта нарсани беш нарса ичига яшириб қўйди; азизликни – тоатга, хорликни – масиятга, виқорни – тунлари бедорликка, ҳикматни – оч қоринга, бойликни – қаноат ичига яшириб қўйди.

Иброҳим ал – Мористоний: “Душманингдан қасос олиб ўч олганингдек, очкўзлигингдан, қаноат билан ўч олгин” – дедилар. 

Зунун ал – Мисрий: “Ким қаноатли бўлса, замондошларидан роҳат олибди, тенгдошларидан умри узун бўлибди” – дедилар.

Қаттоний: “Кимки, қаноатни олиб, очкўзликни сотса, азизлик ва одамийлик фазилатига эга бўлибди” – дедилар.

Ривоятларда : “Қайси инсоннинг икки кўзи инсонларнинг қўлидаги нарсага қараб қолса, маҳзунлиги чўзилаверади” – дейилган.

Ривоят : “Бир киши сув бошида бақалажондан тушган нарсаларни еб ўтирган донишмандни кўриб қолиб, ҳалиги киши : Эй Ҳаким, агар султонга хизмат қилган бўлганингизда, бу нарсани еб ўтиришга ҳожат бўлмасди – деди, Донишманд: “Агар сен шу нарсага қаноат қилганингда Султонга хизмат қилиб ўтирмасдинг” – деб жавоб қилди .

Ривоят : “ Мусо (алайҳис салом) таъмани Ҳизрни олдида эслаганларида. Ҳизр (алайҳис салом) унга: “Бу (нарса) сиз билан мени орамни ажратувчидир” – дедилар.  

Ривоят: “Мусо ва Ҳизр (алайҳис салом) атрофига бир кийик келди. Улар оч эдилар, шунда, Мусо олдидаги кийик қовурилмаган. Ҳизр олдидаги кийик эса қовурилган ҳолда кўринди” – деб айтилади.

Аби Язид (раҳматуллоҳу алайҳ)га бу  мартабага нима билан эришдингиз? –деб сўралганда, ул зот: “Дунё сабабларини йиғиб, қаноат  арқонига тугиб, ростгўйлик манжаниқига ўрнатдим, сўнг ноумидлик денгизига отиб юбориб, ором топдим” – дедилар.

Ривоят: “Жунайд (раҳматуллоҳу алайҳ)ни ҳузурларида ўтиргандим, атрофларида кўпгина етим-есирлар  ҳам бор эди, бир инсон 500 динор ҳазратни  олдиларига қўйиб, бу пулни мана буларга тарқатиб берасиз – деди, ул зот: “Ўзингга борми? – деб сўрадилар, ҳалиги киши: “Бор, пулларим кўп”  – деди, ул зот: “Яна бўлишини ҳоҳлайсанми? – деб сўрадилар, У: “Ҳа” – деди, Жунайд (раҳматуллоҳу алайҳ): “Ол бу нарсаларингни, ўзинг биздан кўра муҳтож экансан” – деб, олмадилар.

ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
 билим юрти ўқитувчиси