Яратилиш санаси 25.03.2024

Сабр ва мағфират ойи

Аллоҳ таоло Рамазон ойида рўза тутишликни фарз қилди ва ушбу ойни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради. Барчамиз рўза тутиш орқали нафсни тийиб, сабр қилишликни, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишликни ўрганамиз. Барча пайғамбарлар ҳам нафсни тарбияисида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон мана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу ойда кўпроқ эҳсон (садақа)лар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади. Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи, мусулмонларнинг жаннатга элтувчи арқон бўлмиш  Қуръони каримда марҳамат қилиб:

“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни ҳоҳламайди”-дея марҳамат қилади. (Бақара сураси, 185-оят)

Рамазон ойида тутилган рўза орқали вақтинчалик очлик ва вақтинчалик чанқоқлик машаққатини тотиш билан охиратдаги оғир машаққатдан қутулиш ушбу оятни нақадар ҳақиқий эканлигини билдиради.

Рўза-гуноҳлардан тўсувчи пардадир. Фурқон сурасининг 75-76-оятларида:

“Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалари билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир” –деб марҳамат қилади.  

Рўза-очлик ва чанқоқлик каби қийинчиликдан иборатдир. Бу эса рўзадордан катта сабр-матонат талаб қилади. Ушбу матонатга сабр қилишлик билан инсон ҳақиқий сабр қилувчи собир бандалар қаторидан жой олади. Сабр қилувчи бандаларга ваъда қилинган мукофот эса абадий жаннатдир. Барчаларимизга яратганнинг ўзи ибодатларни чиройли адо этишда сабрни ато этсин.

Сабр тўғрисида Ҳазрати Абу Ҳурайра (р.а) шундай сўзларни айтганлар: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди». 

Қуръони каримнинг Зумар сураси 10-оятида:

“…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” дейилади. 

Сабр ойи бўлмиш рамазони шарифдан барчаларимиз ҳам унумли фойдаланиб, сабр деб аталмиш фазилатга эришишга маҳкам бел боғлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўзининг собир бандаларини қаторига қўшса ажаб эмас.

Барчаларимизга маълумки рамазон ойида кундузлари рўза тутишлик, кечалари таровеҳ намозларини адо этишлик билан ўтади. Барчаларимизга ушбу ибодатларни адо этишликда Парвардигорнинг ўзи мададкор бўлсин, тутган рўзаларимизни ҳамда барча ибодатларимизни ўзи даргоҳида қабул қилишини Яратгандан илтижо қиламиз. 

Барчаларингизга яна бир бор покланиш ва мағфират ойи муборак бўлсин!

ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси