ҲАР КЕЧА БИР ҚУЛ ОЗОД ҚИЛИНГ!
Энг афзал ва энг енгил амали солиҳалардан бири зикрдир, яъни Аллоҳни дилда ва тилда эслаш, зикр қилиш. Хусусан енгил, осон бўлгани учун Рамазон кечаларида буни кўпайтирган афзал. Агар бу амал “Лайлатулқадр”га тўғри келиб қолса, у ўн минг баробар кўпайиши умид этилади.
Зикрларнинг энг афзали тавҳид калимасидир. Тавҳид калимасининг энг афзал сийғаси: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, ла шарика лаҳ, лаҳул мулк ва лаҳул ҳамд ва ҳува ала кулли шайъин қодийр”дир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бир кунда юз марта “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, ла шарика лаҳ, лаҳул мулк ва лаҳул ҳамд ва ҳува ала кулли шайъин қодийр” “Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ чин маъбуд йўқ. У яккаю ягонадир. Унинг шериги, тенги йўқ. Мутлақ мулк, подишоҳлик Унга хос. Ҳамду сано Унинг Ўзига хос. У ҳар қандай нарсага қодир Зот”, деса, ўнта қулни озод қилганига тенг бўлади”.
Агар банда бу муборак калимани охирги ўн кунликнинг ҳар кечасида юз марта айтса ва “Лайлатулқадр”га тўғри келса, ва бунга “Лайлатулқадр” фазилати қўшилса, натижада у гўёки ҳар куни (300 000) уч юз мингдан ортиқ қул озод қилганнинг савобини олади.
Аслида жаҳаннам ўтидан озод бўлиш учун битта қулни озод қилиш кифоя. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмон қулни озод қилса, Аллоҳ унинг ҳар бир аъзоси эвазига бир аъзони дўзахдан озод қилади, ҳатто аврати эвазига аврати озод этилади”, деганлар.
Тасаввур қилинг, энди бир банда битта эмас, уч юз мингта қулни озод қилса нима бўлади?!
Ҳайратни оширадиган жуда ажойиб фазилат!
Айрим талабалар шайх Абдулазиз Турайфийнинг (300 000) уч юз мингдан ортиқ қул озод қилганнинг савобини олади, деган сўзларини қуйидагича изоҳлабди.
Фойдадан холи бўлмаган бу ечимни ҳам эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Бир кунда ўнта қул. Лайлатулқадр минг ойдан яхшироқ.
Бир ойда ўттиз кун бор.
1000 × 30 = 30000.
30000 кун ўнта қулдан озод қилинса, натижа:
30000 × 10 = 300000
Ё Раб, ё Раб, ё Раб, дилимизга, тилимизга “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ”ни жо қил.
Дунёдан ўтар чоғимизда энг охирги калимамиз “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ” бўлишини насиб эт.
Интернет манбалар асосида
ШАВКАТЖОН МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси