Шариатда никоҳнинг ўрни
Оила инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш – оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш янада фаровон бўлади.
Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб шундай деганлар: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир" (Имом Бухорий ривоятлари).
Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида динимиздаги гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Оилавий ҳаёт кечириш динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бугунги кунда жума марузалари, давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари ва турли тадбирларда оиланинг муқаддаслиги, уни асраб авайлаш зурурлиги, эр-хотиннинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари каби оилага боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлар олиб борилмоқда. Лекин минг афсуски, жамиятда оилавий ажримлар тез-тез учраб турибди. Бу ажримларнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари. Ҳозирги кунда эр-хотин ҳақ-ҳуқуқлари борасида ёзилган адабиётлар кўп бўлиб, улардан албатта оила қуриш арафасидаги ёшлар фойдаланиши зарур. Демак, ҳар бир ота-она тўйдан олдин фарзандларининг фақат моддий жиҳатларига эмас, балки маънавий дунёси, диёнати, тарбияси ва одоб-ахлоқига кўпроқ эътибор бериши лозим ва лобуддир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:
“Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Эр-хотинларнинг муносабатларида сабр-тоқат ва ўзаро бағрикенгликнинг етишмаслиги. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидириш оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз! Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).
Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан. Ҳозирги пайтда сабр, қаноат, бағрикенглик, муроса каби фазилатлар камайиб кетаётгандай. Ҳозирда баъзиларимиз оила қурса, тез фурсатда уй-жойли бўлса, машина олсада, дарров алоҳида уйли бўлиб, чиқиб кетса. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуоларини олиш деган шарафли фазилатларга эътибор камайиб кетаётгандай, гўё.
Эр-хотин ҳаётига баъзи ота-оналарнинг ноўрин аралашуви. Мана шу нарса ҳозирги кундаги ёш оилаларнинг бузилишига энг катта сабаблардан бири бўлмоқда. Ёш оилалардан кўпинча “мен аёлим билан яхши муносабатдаман, лекин ота-онам келин билан муроса қилолмаяпти”, – деган гапларни эшитамиз. Ҳатто фарзандига: “Келинга жавобини бермасанг, сени оқ қиламиз”, – деб айтаётган ота-оналар ҳам бор. Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолишмоқда. Шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Аксинча ёши катталар ёшларни сабр ва шукрга чақириб, оилани сақлаб қолишга тарғиб қилишлари керак. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун қўлидан келган барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган, лекин рисоладагидек аёлни талоғини бериш мумкин эмас. Балки уларнинг ўртасини ислоҳ қилиб, адолат билан иш тутиб, оиласини сақлаб қолиш айни муддаодир.
Телефон ва интернетдаги “ҳаёсизликлар” оилани барбод бўлишида асосий сабаблардан яна биридир. Бу масала ҳам эркак, ҳам аёлга тегишлидир. Маълумки, телефон ва интернет олами – Аллоҳнинг бандаларига ато этган неъматларидан биридир. Узоқдаги яқинлар билан алоқа, катта ҳажмдаги кутубхона ҳамда иш фаолиятдаги қулайликлар ва ҳоказо. Бироқ, бу неъматни кимлардир фитна, бузғунчилик, бузуқлик, ҳаёсизлик манбаларига айлантириб улгурдилар. Номаҳрам инсонлар билан ижтимоий тармоқларда суҳбатлашувлар натижасида аксар оилалар бузилмоқда.
Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молу дунёдир”. Ҳадиси шарифга эътибор беринг. Молу-дунё – бизга берилган синов экан. Мана шу синовда келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш, уларни бебахт қилиш яхшимикан? Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда. Аслида бахту-саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу-дунё билан ўлчанмайди. Иқтисодий имконият кенг бўлгани билан маънавий жиҳатдан инсон қашшоқ бўлиши – бахтсизликдир.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади: бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.
Абдулносир Бобамирзаев
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси