ИМОМ ОРҚАСИДА ҚИРОАТ ҚИЛИШ...
Жамоат намозларида баъзи бировларнинг имомнинг орқасида туриб сураи фотиҳа сурасини ўқиётганини кўрамиз. Имомга иқтидо қилган одам қироат қиладими? Намозда сураи фотиҳани ўқиш барча учун фарзми?
Мазҳабимиздаги энг машҳур асари ҳисобланмиш «Ҳидоя» китобида:
ولا يقرأ المؤتم سواء كان الصلوة جهرية او سرية خلف الامام
«Мўътам – имомга иқтидо қилувчи имом орқасида (хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда) қироат қилмайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг (Ибн Можа тахриж қилган) сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир». Мана шунга саҳобаи киромлар ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъийн ижмоъ қилишган.Саҳобаи киромларнинг аксарини яъни 80 дан ортиқроқ саҳобадан иқтидо қилувчининг қироатини манъ қилганлари ривоят қилинган. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эканлар:
من قرأ خلف الامام فقد أخطأ السنّة
«Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Улуғ саҳобийлардан бири, уларнинг энг фақиҳларидан ҳисобланадиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу эса янада қаттиқроқ ҳукм қиладилар:
من قرأ خلف الامام ألقى على فيه ترابا
«Кимки имом орқасида қироат қилса, оғзига тупроқ ташлансин!»
Жаннат башорати берилган икки буюк саҳобий Саъд ибн Ваққос ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо:
من قرأ خلف الامام فلا صلوة له
«Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, унинг намози йўқ», деб имом орқасида қироат қилиш оқибатидан огоҳлантирган эдилар.
Мавлоно Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ва ал-Ҳаддод роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари гарчи “Сураи фотиҳа”ни ўқиш ҳақида насс (саҳиҳ ҳадисдан далил) бўлса ҳам у қироати ҳаром қилинган нассга қарши бўла олмайди, деганлар. Икки далил муораза қилган пайтда, усули фиқҳ қоидасига биноан муҳаррамга амал қилинади, яъни ҳаромдан қочиб имом орқасида қироат қилинмайди.
Демак, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.
Муҳаммадхон Абдраҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси