Мотуридия йўналиши
Мотуридия аталмиш ақидавий йўналиш асос ва қоидаларини Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи кашф қилган эмас. Балки ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам маълум даражада шаклланга» эди. Ақида илми тобеинлар давридан бошлаб, яъни ҳижрий иккинчи асрда мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган.
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий (21/642-110/729 й.) ақида масалалари бўйича толиби илмларга сабоқ берган. Мўътазила оқимининг бошланиши ҳам ўша пайтда рўй бергани тарихий манбалардан маълум. Абу Ҳанифа (Имом Аъзам) яшаган даврда эса ислом ниқоби остида турли оқим ва фирқалар юзага келганди. Улар билан курашиш учун эса ақида мустаҳкам бўлиши зарур эди. Бундай долзарб масалага Абу Ҳанифа бефарқ қараб тура олмаганлар, ақида фанига оид биринчи асар - «Фиқҳи акбар» Усмон Баттий (Бустий)га ёзган раддияси, бешта васиятномасини ёзиб қолдирганлар. Демак, мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (р.а) нафақат фуқаҳолар пешвоси, шунингдек, ақида ва илми каломга ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлганлар.
Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга бўлганларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.
Шайх яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси - оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеинларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар. Иккинчиси - ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар.
Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади. Ваҳоланки, салаф уламо-ларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланар эдилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар.
Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, шайх кўп
жойларда инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқтириб ўтадилар. Шу билан бирга ақлнинг Аллоҳтомонидан ато этилган энг буюк мислсиз неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.
Абдураҳимов Баҳромжон
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси