Муснади Абу Ҳанийфа
Имом Абу Ҳанийфага нисбат берилган фиқҳ китоби бўлмагани маълум. Аммо, у кишига нисбат берилган ва Муснади Абу Ҳанийфа деб аталган ҳадис ва осорлар мажмуасидан иборат китоб мавжуд.
Имом Абу Ҳанийфа ҳадис бобида ҳам имом Моликка ўхшаб алоҳида китоб таълийф қилмаганлар. У киши ўз шогирдларига фиқхдан дарс бериш жараёнида далил сифатида ўзларига етиб келган ҳадисларни имло қилиб, санадлари билан келтирар эдилар. Алоҳида ҳадис дарслари ўтмаганлар. Шунинг учун ҳам, ривоятлари кўпаймаган. Аммо, шу билан бирга, имом Абу Ҳанийфа ҳадис бобида кўп ҳадис билувчи ҳофизлардандир. Ҳадис илми устозларидан бўлган тўрт минг шайхдан ҳадис ёзиб олганлар. Яҳё ибн Насрдан қуйидагича ривоят қилинган: У кишининг олдига кирсам, китобга тўлган уйда ўтирган экан ’’Бу нима’’ — дедим. ’’Булар ҳадислар’ — деди. Имом Абу Ҳанийфанинг шогирдлари ҳаракат қилиб, у кишининг ривоят қилган ҳадисларини ҳам китоб шаклига келтирганлар. Улардан ўн бештаси биттадан, яъни ўн бешта муснад жамлаганлар:
1. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ал- Ҳорисий Бухорий.
2. Абулқосим Толҳа ибн Муҳаммад ибн Жаъфар аш-Шоҳид.
3. Абулхойр Муҳаммад ибн Музаффар ибн Мусо ибн Ийсо ибн Муҳаммад.
4. Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ, ибн Асфиҳоний.
5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдул Боқий Муҳаммад Ансорий.
6. Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий Журжоний.
7. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий.
8. Умар ибн Ҳасан Ашноний.
9. Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Холий Кулоъий.
10. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳусайни Муҳаммад ибн Хисрав Балхий.
11. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн ИбрАнсорий.
12. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан. Шайбоний.
13. Ҳаммод ибн Абу Ҳанийфа.
14. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан.
15. Абулқосим Абдуллоҳ ибн Мухаммад ибн абул Авом
Мазкур ўн беш муснадни имом Абул Муаййад Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий (ҳижрий 596 —665-йиллар) жамлаб ва фиқҳ боблари асосида тартибга солиб, китоб ҳолига келтирган ва (ЖомеъулМасонид) деб номлаган. Уша китобни Байрутдаги Дарул кутубил арабийя нашриёти икки жилдда чоп қилган.
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бухорий Ҳорисий (ҳижрий 340-санада вафот қилган) ҳам мазкур муснадлардан катта муснад китоби тузди. Сўнгра ўша китобни имом Садруддийн Мусо ибн Закариё Ҳосфакий (ҳижрий 650-санада вафот қилган) мухтасар қилди. Сўнгра Муҳаммад Обид Синдий Маданий тартибга солди. Мазкур китоб ҳам фиқҳий асосда тартибга солинган. Бугунги кунда ’’Муснади Абу Ҳанийфа’’ номи ила танилган китоб худди шу китобдир. Уни Муҳаммад Ҳасан Исроилий Сунбулий Ҳиндий (ҳижрий1305-санада вафот этган) шарҳ қилган.
Бу китобни машҳур ҳанафий олим Нуруддийн Али ибн Султон ибн Муҳаммад Ҳиравий Маккий Ҳанафий — Мулло Али Қори ҳам шарҳ қилган.
Бу китоб имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг қирқ беш кишидан қилган ривоятлари асосида тузилган. Биринчи ва энг кўп ривоятлар Ҳаммод ибн Сулаймон Абу Сулаймон Муслим Ашъарийдан бўлган. ’’Муснади Абу Ҳанийфа’’нинг охирги нашри Байрутдаги ’’Дарул кутубил илмийя’’ нашриёти томонидан 1985-милодий йилда чоп этилган.
Абдуссамад Усманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси