Яратилиш санаси 29.04.2024

Қози Байзовий яшаган асрдаги cиёсий аҳвол...

Қози Байзовий яшаган асрдаги аҳвол:

Сиёсий аҳвол:

Ҳижрий 7 асрда аббосийлар давлати жуда заифлашиб кетди. Аббосий халифанинг хукми пойтахт Бағдод шаҳридан ташқарига чиқмас эди. Сиёсий қувват салжуқий турклар, Миср, Шом, Ҳижоз ва Ямандаги айюбий курдлар ўртасида тақсимланган эди. Улардан сўнг 7 аср биринчи ярми охирларида тарих саҳнасига мамоликлар кириб келди ва номига аббосийлар халифалигига бўйсинди. Сўнг афғон ва ҳинд ерларида ғоврия, Мисрдаги фотимийлар, Ямандаги сулҳийлар, Мовароуннаҳрдаги хоразмийлар каби мустақил исломий давлатлар пайдо бўлди. Бу давлатлар ўртасида тинимсиз низолар ва қонли жанглар бўлиб ўтган. Бу холат шубҳасиз давлатларнинг заифлашувига олиб келди. Боз устига бу давлатларнинг ички ишларида барқарорлик, тинчлик йўқ эди. Қолаверса, Бағдодда аҳли сунна вал жамоа ва шиалар ўртасида ҳам катта фитна содир бўлиб кўплаб инсонлар қурбон бўлди. Натижада аҳли сунналардан бўлган аббосий халифа ғалаба қозонди. Аббосий халифанинг Ибн Алқамий исмли вазири сотқинлик қилиб, ислом оламига ҳамла қилишни режалаштириб турган мўғулларга қўшилиб кетди. Мўғулларнинг ўзи ҳам мусулмон оламига ҳужм қилишга пайт пойлаётган эди. Ибн Алқамий уларнинг олдига келиб мусулмонларнинг заифлашганини айтгач мўғиллар ислом ўлкаларига ҳужм бошладилар. Ҳулоку бошчилигидаги мўғиллар бирин кетин шаҳарларни эгаллаб аббосийлар давлати пойтахти Бағдодгача етиб келдилар ва уламоларни қатл қилдилар, йўлларида учраган кишини сўйиб ташладилар, китобларни ёқиб Дажла дарёсига ташладилар, шаҳарни қирқ кун қирғинбарод қилдилар.[1]

Мўғил қўшинлари шом ўлкасига қўшин тортиб Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларини эгаллаб олдилар. Мўғиллар мамоликлар билан бирлашиб мусулмонларга қарши жанг қилдилар. Мусулмонлар Рукнуддин Бибрис бошчилигидаги мусулмонлар мўғиллар устидан ғалаба қозонишди ва мўғилларнинг қўмондонини қатл қилишди. Бу ҳодиса 658 йилда юз берган эди.[2]

Ғарбда эса салб юришлари узлуксиз давом этаётган эди. Салбчилар Миср ва Қуддусни мусулмонлардан озод қилишни мақсад қилган эдилар. Мусулмонлар салбчиларга қарши матонат билан курашмаганларида эди, салбчилар Шом ва Мисрнинг кўплаб ерларини эгаллаб олган бўлардилар. 

Ижтимоий аҳвол:

Аббосийлар халифалиги даврида аҳоли араблар, форслар, турклар, яҳудийлар, христианлардан иборат эди. Мусулмон давлати христиан ва яҳудийларга омонликни кафолатлаган эди. Бу даврда мусулмонларнинг бўлиниб кетиши ислом жамиятини кучсизланишига олиб келган гуруҳларни келиб чиқишига сабаб бўлди. [3]

Маданий аҳвол:

Аббосийлар давлатига барҳам берилганидан кейин ислом оламининг чегараларида турли мустақил давлатлар пайдо бўлди. Мана шу давлатларнинг исломий маданияти ривожланган, илмлар турли ерларга тарқалган даври пайдо бўлди. Бағдод шаҳри ислом оламининг маданий маркази мақомини олганидан кейин, аста секин Қоҳира, Бухоро, Табриз, Шероз, Қуртуба каби бошқа шаҳарлар марказ сифатида шакллана бошлади. Бу шаҳарларда халифалар, султонлар, амирлар, вазирлар, аҳли илмларнинг рағбатлари остида илм ва одоб ривожланди. Бу даврда масжид, кутубхона, ва мадрасалар маданият марказлари ҳисобланган. Ўша даврда асос солинган мадрасалар бизнинг даврдаги университетлар билан мавқеи бир хил эди. Бу мадрасаларда кўплаб фанлардан дарс берилар эди. Бундай мадрасалар айниқса шарқ мамлакатларида кўпайди.[4]

[1]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 18

[2]Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қураший ад-димашқий. Ал-бидая ван ниҳая. Ж-12.  - Байрут. «Мактабатул маориф» нашриёти, 1977 й – Б. 266-309 

[3]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 19

[4]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 20

Муҳиддинов Музаффар

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси