Яратилиш санаси 29.04.2024

Шариатда никоҳнинг ўрни

Буюк ва комил бўлган Ислом динида  никоҳнинг аҳамияти ўзига хосдир. Никоҳ сўзининг луғавий маъноси жамлаш, қўшмоқ деган маъноларни билдиради. Никоҳ сўзининг шариатдаги маносида Имоми Аъзам (р.ҳ.) ва Имоми Шофиъй (р.ҳ.)ларнинг ўртасида ихтилоф бўлиб,Имоми Аъзам (р.ҳ.) Никоҳ сўзи шариатда ҳақиқий маноси ватий, мажозий маъноси ақд (боғлаш) деб ижтиҳод қилдилар. Ва  Никоҳланиш амалини ақди шаръийга (яни ибодатлар жумласига) ҳукм қилдилар.

Имоми Шофиъй (р.ҳ.) бўлса, Никоҳ сўзининг шариатдаги ҳақиқий маъноси ақд, мажозий маъноси бўлса ватий деб ижтиҳод қилдилар. Ва  никоҳланиш амалини ақди молийга (муомалотларга)   ҳукм   қилдилар. Энди   ақди  шаръий   ва ақди молий деган тушунчаларга тўхталиб ўтамиз.

Ақди шаръий деб динда уни қилишлик лозим бўлган бир иш юзасидан икки кишининг келишувига айтилади. Масалан: Ислом динида Никоҳланишга буйруқ кўринишидаги оят мавжуд ва никоҳга тарғиб қиладиган жуда кўп ҳадислар мавжуддир. Шунинг учун икки кишининг оила қуриш мақсадида қилган келишувлари ақди шаръий (савоблик ибодат) бўлади.

Ақди молий деб дини исломда уни қилишликдан қайтарилмаган ва унга тарғиб ҳам қилинмаган бир иш юзасидан  инсонларнинг келишувига айтилади. Масалан: Сотиш, сотиб олиш муомалотлари динда комил тарздла баён қилинган, лекин уни қилишликга тарғиб қиладиган ҳадислар йўқ шунинг учун олди-сотди ишлари ақди молий бўлади, Шариатда уни қилишлик мубоҳ ҳисобланади. Демак никоҳ бир мазҳабда ибодатлардан, бошқа мазҳабларда муомалотлардан ҳисобланади. Шунинг учун Убайдуллоҳ ибну Масъуд  (р.а.) никоҳ бобини ўз китобларида ибодатлар ва муомалотларнинг ўртасида баён қилганлар.

Мўътадил ҳолатдаги киши учун оила қуриш икки ёшни никоҳлаб қўйиб, ота-она олдидаги вазифани адо қилиш бўлибгина қолмай балки, у Пайғамбаримиз Муҳаммад  (с.а.в)дан  суннат бўлган бир ибодат ҳам ҳисобланади. Ҳар бир оила қургувчи никоҳ  олдидан Расулулоҳ буюрган  бир ибодатга машғул бўлаётганини тасаввур қилиб, ўша маросимдаги ҳар бир ишни Аллоҳ таоло  ва унинг Расули рози бўладиган тарзда қилишлиги Ислом динининг улкан талабларидан биридир.

Ишанов Исмоилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар