Яратилиш санаси 30.04.2024

ИСЛОМ ДИНИДАГИ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР

Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмоъ, қиёс ва бошқа қўшимча манбалардан, табиийки, ҳар ким ҳам ҳукм чиқариб ололмайди. Фиқҳ деб мазкур манбалардан тўғри ҳукм чиқаришга айтилади. Ҳатто бир оят устида саҳобалардек улуғ зотлар турли фикрда бўлганликлари тўғрисида ривоятлар бор. У пайтларда низоли масалаларни Он ҳазрат (а.с.)дан сўраб аниқлаб олар эдилар. Лекин ул зоти бобаракотнинг вафотларидан сўнг секин-аста ихтилофли, низоли масалалар кўпая борди. Шу билан бирга Ўз динини қиёматгача давом эттиришни ирода қилган улуғ Парвардигори олам дин аҳкомларини ёритиб бериб турадиган забардаст уламоларни кераклигича етказиб бериб турди. Ҳижратнинг иккинчи асридан бошлаб ислом шариатини мукаммал талқин қила оладиган йирик фуқаҳолар (фиқҳ олимлари, ҳуқуқшунослар) етишиб чиқа бошлади. Уларнинг энг йириклари қуйидагилардир:

Имоми Аъзам (Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит) 80/699-150/767 й.

Имом Молик (Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас Асбаҳий) 94/713-178/79 й.

Имом Шофиий (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис) 150/767-204/820 й.

Имом Аҳмад (Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал Шайбоний) 164/780-241/855 й.

Мазкур мужтаҳид фуқаҳолардан бошқа ҳам кўплаб фиқҳ олимлари ўтганлар, лекин уларнинг ҳамма ижодий ишлари мукаммал равишда тўпланиб, китоб шаклига келтирилмагани боис мустақил мазҳаб соҳиби сифатида шуҳрат топмаганлар. Фақат мазкур тўрт мазҳаб соҳиб-ларига бу мартаба насиб бўлган. Бу тўрт мужтаҳидларга ўтган барча ислом аҳлининг етук уламо ва фузалолари таслим ила тақлид қилишни вожиб деб билганлар. Яъни мужтаҳидлик даражасига ета олмаган уламолар ва авом халқ улардан бирларига тақлид қилиб, мазҳабларига мувофиқ амал қилиб боришлик вожиб саналган. Чунки шундай қилинмаса, ҳар бир олим мустақил равишда ижтиҳод қилаверадиган бўлса, тўртта эмас, тўрт юз мазҳаб пайдо бўлиши ҳам турган гап эди.

Бугунги кунда дунёдагм тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўли-надилар: ҳанафийлар 47 фоизи, шофиийлар 21 фоизи, моликийлар 17 фоизи, ҳанбалийлар 7,5 фоизини ташкил қилади.

Бутун ер юзи мусулмонларининг шунчалик кўп ва тарқоқяшашларига қарамай, асосан тўрт мазҳаб билан чегараланишлари жуда мақбул ва маъқул ишдир. Бу тўрт мазҳаб ўртасида унча катта фарқлар йўқ. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Чунки ҳаммасининг ҳам ҳукм оладиган манбалари бир. Фақат жузъий ихти-лофларгина мавжуд. Масалан, жанобатдан ғусл қилиш-нинг фарз эканлигида улар ўртасида ихтилоф йўқ. Аммо ғуслда неча фарз бор, деган масалада фикрлар турлича. Имоми Аъзам мазҳабларида ғуслда учта фарз -оғизни чайқаш, бурунга сув олиб ташлаш ва бутун жасадни ювишдир. Имоми Шофиий мазҳабларида эса фарз битта - бутун жасадни ювиш. Оғиз-бурун бу зот наздида ички аъзолардан ҳисобланади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ наздларида эса оғиз билан бурун ташқи аъзолардан, деб билинади. Шунингучун уларни ҳам ювиш фарз.

Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (Ҳанафий) мазҳабига тақлид қилиб келганлар. Ўтган уламола-римизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар таажжубга тушишлари табиий.

Хўш, демак, бир мазҳабда барқарор бораётган мусулмонлар бошқа уч мазҳабга қандай муносабатда бўлишлари керак?

Ўтмишда буюк уламоларимиз, яъни ислом дини бўйича китоблар ёзиб қолдирган ишончли, забардаст олимларимиз айтиб, ёзиб қолдирганларидек, ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳаблардан бирини танлаб, унга амал қилиб бораётган бўлса, у ўз мазҳабини тўғри деб билиши, лекин Аллоҳнинг наздида хато чиқиб қолиши ҳам мумкин деган эътиқодда бўлиши лозим. Бошқа мазҳаблар эса хато, лекин Аллоҳнинг наздида тўғри бўлиши ҳам мумкин, деган эътиқодда бўлиши лозим. Чунки танлаган мазҳаблари қанчалик тўғри ёки хато эканлиги фақат қиёмат куни маълум бўлади. Ҳадиси шарифда таъкидланганидек, ўшанда мужтаҳидлардан қайси бирларининг сўзи тўғри чиқса, икки ҳисса, нотўғри чиқса бир ҳисса ажр берилар экан. Демак, ҳар икки ҳолатда ҳам улар гуноҳкор бўлмас эканлар, чунки диллари пок, мақсадлари Исломга, мусулмонларга манфаат етказиш бўлгани учун Аллоҳ таоло уларнинг халқ тинчлиги ва хотиржамликда ибодат қилишлари йўлида қилган илмий хизматлари эвазига албатта ажру ҳасанот ато этаркан.

Демак, мазҳабига таассубли ҳар қандай мусулмон бошқа мазҳабларга нисбатан ҳам иззат-икром руҳида бўлиши лозим. Аммо ақидавий масалаларда фақат «Аҳли Сунна вал-Жамоа» эътиқоди тўғри, бошқа фирқа ва оқимлар эътиқоди ботил, деб билишлари зарурдир.

Абдуллаев Азимхон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси