Яратилиш санаси 06.05.2024

ОҚИМЛАРНИНГ ЗАРАРЛИ КЎРИНИШИ

Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган  турли оқим-ҳаракатларга кўра айрим кишилар у диндан  бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда  иродасизликдир.   Адашган диний оқимларга қарши курашнинг барча даврларда олиб борилганининг аҳамиятли томони шундаки, бу оқимлар турли даврда турли сабабларга кўра келиб чиққан. Ва албатта, бу оқимларнинг даъват, чорловлари ҳамиша инсониятни ҳалокатга етаклаб, залолат сари етаклаган.

Диний оқимларнинг шаклланишида баъзан диний саводсизлик замин яратган бўлса, баъзи ҳолларда иқтисодий мақсадлар ётган. Баъзан ижтимоий сабаб оқимлар шаклланган бўлса, баъзида бошқа дин вакилларининг таъсири остида диний оқимлар шаклланган.

Айни пайтда шуни англашимиз лозимки, диний оқимлар деганда биз фақат Ислом динини ниқоб қилиб фаолият олиб бораётган экстремистик ва террористик оқимларни эмас, бошқа динлардан ажралиб чиққан ва фаол миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган секталарни ҳам тушунамиз. Чунки ушбу секталарнинг ҳам чорловлари инсоният бошига катта кулфатлар солмоқда. Яъни, оилада ота онага қарши чиқиш, уларга итоатсизлик, ҳатто ўз ота онасининг жонига қасд қилиш, бор будини сотиб оқим ривожи учун сарф қилиш, сиёсий тузумга қарши чиқиш, ўз яқинлари ва ватанидан воз кечиш, бошқалар фикрини умуман қабул қилмаслик ва бошқа ҳолатлар экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушганлар билан бир қаторда миссионер секта тарафдорларида ҳам кўринади.

Агар биз диний оқимлар ҳақида мукаммал тушунча ҳосил қилмасак, уларга қарши курашни бир лаҳза тўхтатиб, огоҳликни қўлдан берсак, нималарни ва кимларни йўқотишимизни тасаввур қила олмаймиз.

Аждодларимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш- мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан маҳрум қилади.

 Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди.

Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.

Шарифжон Юнусов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими