Яратилиш санаси 07.05.2024

Ҳанафий мазҳабида Мотурудия ақидаси асослари

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар. У кишининг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.

Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлдилар.

Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида сунний ақидага (таъвилда) зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.

Мотуридий таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бу ҳолга чек қўядилар ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафий мазҳаб асосида) ўрнатадилар. У киши барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ