Яратилиш санаси 08.05.2024

ТАКФИР - МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛАДИ

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида халқ орасида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

"Такфир” (араб. инкор қилиш, ёпиш, кофирга чиқариш) ислом дини таълимотига кўра, дин ва Аллоҳни тан олмасликда, диндан чиқишда, кофирликда айблаш маъноларида ишлатилади.

Такфир ҳодисаси Али розийаллоҳу анҳу даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, “кофир” деб эълон қилганлар. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санаганлар. Улар ўз даврида Усмон ибн Аффон, Али ибн Толиб розийаллоҳу анҳум каби хулофои рошидинларни ҳам куфрда айблаганлар.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутаассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби Ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан ҳам “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл билан ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қиладилар.

Зеро, Ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Маълумки, ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига кўра, имоннинг шарти яккаxудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлашдир. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Қалбни эса фақат Аллоҳ билади.

Муҳаммадхон Нажмиддинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими