“Исломда Ватан тушунчаси” китобини ўқиб...
Одатда китобларни ўқиб тугатиш учун бир неча кунлар кетади. Баъзан ўн ёки йигирма варақ ўқийман. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназар ҳазратларининг “Исломда Ватан тушунчаси” номли китобларини мутолаа қилиб, китобга шўнғиб кетганимдан қандай хотималаб қўйганимни ҳам билмай қолибман. Китобнинг мавзуси мени диққатимни тортди. Одатда шу мавзулар ҳақида тадбирларда суҳбат қилиб бериш лозим бўлганда саноқли маълумотлар билан кифояланардим. Бу китоб орқали билимларимни янада тўлдирдим.
Китоб мутолаа қилиш жараёнида муаллиф томонидан Ватанга муҳаббат қилишда пайғамабрлар, саҳобалар, фақиҳлар, авлиёлар, ислом уламолари, замондош уламолар, дунё олимлари, хукамоларни сўзларидан ва ҳаётларидан асосли ҳужжатларни келтирилган ва яна ватанни ардоқлаш, ободу фаровон қилиш, унинг ҳимояси олий фазилат эканлиги, ватанга хиёнат оғир жиноятлиги борасидаги фикру мулоҳазаларини оят, ҳадис ва ҳаётий ҳикояларга боғлаб таъсирчан усулда очиб беришга эришилган. Ҳар бир мавзуни ўқир экансиз, бу сўзлар амалий тажрибада қўллангани ва ишончли манбаъларга суянилгани кўрасиз.
“Исломда Ватан тушунчаси” китоби халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг диний-маърифий билимини ошириш, маънавиятини юксалтириш, Она Ватанимизга меҳр-муҳаббати янада зиёда бўлишида муҳим манба бўлиб хизмат қилишини тилаб қоламан ва китоб муаллифи Шайх муфтий ҳазратларини дин йўлида олиб бориётган ишларида сиҳат-саломатлик ва ижодларида улкан омадлар тилайман. Ушбу китобни барча уламоларимиз китоб жавонларининг олдинги қаторида туриб, доим мурожат қиладиган китоблари бўлишини сўраб қоламан.
Обидхон ИКРАМОВ