Яхши қўшни кишининг бахтидир
Доно халқимизда “ҳовли олма қўшни ол”, “Уйдан аввал қўшни, йўлдан аввал йўлдош танла”- деган пурмано иборалар мавжуд. Бу ибратли сўзнинг маъносини қўшниси билан тинч, осойишта яшаётган одамлар яхши ҳис этадилар. Нофеъ ибн Абдулҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:” Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши улов мусулмон кишининг саодатидандир”(Имом Бухорий ривояти) Кенг маскан ва турар жойга эга бўлиш саодат омилларидан бири эканида шубҳа йўқ. Зеро, турар жой инсон ўз умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир. Масканнинг кенг бўлишини ҳам ҳар томонлама тушунмоқ лозим. Дарҳақиқат, маскан майдони кенг бўлиб, унда яшаш учун етрли шарт - шароит ва қулайликлар муҳайё бўлишига нима етсин. Аммо маскан кенглигининг яна бир асосий маъноси шундаки, унда истиқомат қилувчиларнинг ўзаро самимий муомаласи, илиқлиги, файзли муҳити осуда ҳавоси билан ўз бағрига тортишидир. Яхши уловга доимо ҳожатимиз тушади. У узоғимизни яқин қилади. Йилдан - йилга янги русумдаги қулай уловлар тури пайдо бўлмоқда ва инсоннинг ҳам эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда. Бугун барчамиз қулай машина саодат омилларидан бири эканлигини яхши тушуниб бормоқдамиз. Автоуловсиз ҳаёт кечиришни тасаввур қилиш бугунда мумкин эмас.
Солиҳ қўшни ҳам саодат омилидир. Ҳовли жойинг ҳар қанча кенг ва қулай бўлса ҳам, қўшни яхши бўлмаса, бу кенглик ва қулайлик ҳовли эгасига татимайди. Чунки яхши уйдаги осуда ҳаёт ёмон қўшнинг муносабати туфайли бузилади. Шунинг учун солиҳ қўшни Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан саодат омилларидан бири экани билдирилмоқда. Бугунги кунда уй - жой қуриш ёки сотиб олиш ниятидаги кишиларни фақатгина сотиб олинажак уйнинг чиройли мавзеъда жойлашгани, коммунал хизматлари яхши бўлиши ҳамда маиший хизмат шаҳобчаларига яқинроқ бўлиши кўпроқ қизиқтиради холос, аммо у жойдаги қўшнининг қандайлигига эътибор берилмайди. Аксича, қўшни яхши бўлсагина, киши уй-жойида ҳаловат топади. Демак, ҳамма бир – бирига қўшни экан, уларнинг ўзаро аҳиллиги жамият аҳиллиги демакдир. Ушбу алоқанинг ислоҳ этилиши билан адлия маҳкамаларидаги асли негизи қўшни ҳаққига риоясизликдан келиб чиққан турли-туман шикоят, даъво ва ҳоказолардан иборат кўплаб аризалар, жиноий ишлар ҳам ўз-ўзидан тугатилиб, ечим ва барҳам топиб кетган бўларди. Бундай қаралса, барча одамларни бемалол қўшни дейиш мумкин: уйлар – уйларга, дўконлар – дўконларга, ишчилар – ишчиларга, талабалар – талабаларга, ҳамкасблар – ҳамкасбларга, йўловчилар – йўловчиларга, маҳаллалар – маҳаллаларга, шаҳарлар – шаҳарларга қўшни ҳоказо. Шундай экан ҳамма, ўз атрофидаги қўшнилари билан рисоладагидек муносабатда бўлса, ўз – ўзидан ҳамма ёқда тотулик ва осойишталик ҳукм суради, иншоаллоҳ...
Шавкатжон МАДАМИНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси