Ақоид илмининг таърифи
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.
“Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид” номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
“У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир”, дейди.
“Мавоқиф” китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
“У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, дейди.
Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур “Иҳёу Улумид дин” номли китобларида:
“Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илдир”, деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф” га қилинган шарҳида:
“Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таъолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган.
Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рсолатут Тавҳид” китобида:
“Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади”, дейди.
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, аллома Али Қорининг “Ал-Фиқҳул Акбар” га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифдир:
“У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.
Биз эса, ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси