Яратилиш санаси 06.02.2024

Ақоид илмининг номлари (2 қисм)

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар “ғайбиёт” деб номланган нарсалардир. “Ғайбиёт” деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келтириш фақатгина ишончли “мутавотир” хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундоқ нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қарашимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир. 

Мутавотир хабарларнинг бошида Қуръони Карим туради. Бу илоҳий китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда, мутовотир шаклида бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган инкор қилган одам Исломдан чиқади.

Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Буларда собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Исломдан чиқади.

Баъзи кишилар ақийдада келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор. Оҳод хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди, деганларга қандай жавоб берамиз, дейишлари ҳам мумкин. 

Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бшлади.

Аммо, ҳукм жиҳатидан иккинчисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бшлади.

Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса, кофир бшлиб исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Замондошимиз уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра ва Муҳаммад Носириддин Албонийлар оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг гаплари асосида исбот қилганлар.

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра (р.а): аслида ақийдаларнинг собит бўлиши фақат таъвийлни қабул қилмайдиган Қуръони Карим оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақийда қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда баъзи ақийдага оид нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир демаймиз, деган маънодаги гапларни ёзганлар.

Жумладан, Муҳаммад Носириддин Албоний: “баъзилар “Ақийда фақатгина қатъий далил, оят ва мутавотир ҳадис билангина собит бўлади”, деган фикрга борганлар. Бу бидъат қавлдир. Шарийатда асли йўқ қавлдир. Салафи солиҳлар бу гапни айтмаганлар ва улардан буни бирор киши нақл ҳам қилмаган”, деб ёзган.

Аввалги ўтган уламоларнинг барчаси: оҳод хабарлар ақийдага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода қилади, деганлар. Ўша уламоларнинг сафида Ибн Салоҳ ва Ибн Касир (р.а) лар ҳам бор.

Кўпчилик пайтларда оҳод хабарлардан бир нечасида бир масала зикр қилинади ва улар жамланиб “маънавий мутавотир” деган даражани олади.

Диний илмлардан бехабар бўлсалар ҳам бу ишларга аралашиб юрадиганлар, ўзларининг қабр азобини инкор қилишларига баҳона топиш учун Аллоҳ таолонинг “Нажм” сурасидаги:

ومالهم  به  من علم  !ن  يتبعون الا  الظن  و!ن الظن  لا  يغني من  الحق  شياً.   (28-оят.)

“Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас” (28-оят) оятини далил қилиб, азоби қабр оҳод ҳадисбилан собит бўлган, у эса, гумонни билдиради, Қуръони Каримда эса, гумон қораланган, дейишган эмиш.

Ҳар бир илмнинг ўз истелоҳлари бўлган каби, ақийда илмининг ҳам ўз истелоҳлари бор.

Унда мутавотир хабар билан собит бўлган нарсани илми яқин билан собит бўлди, дейилади.

Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани “зонн” билан собит бўлди, дейилади.

Бу ердаги “зонн” биздаги гумон маъносини англатмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.

Энг муҳими, “зонн” билан “зонн” нинг фарқи бор. Оҳод хабар ақийдада ҳужжат бўлмайди, деган илмсизларнинг “зонн”и билан имом Бухорий, имом Муслим каби Ислом умматининг жумҳури тан олган имомлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда нақл қилган “зонн” нинг, албатта, фарқи бўлади.

Бу ҳақда ҳадис илмларининг улкан билимдони, улумул ҳадисдан мусулмон уммати ижмоъ ила эътироф қилган китоблар ёзган машҳур олим Ибн Салоҳ ўзларининг “Муқаддима” номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

“Албатта, дастлаб ихтиёр қилган мазҳабимиз тўғри экани менга аён бўлди. Чунки, хатодан маъсум бўлган кимсанинг “зонн”и хато бўлмайди. Уммат эса, ўз ижмоъида хатодан маъсумдир”.

Бу ҳақда устоз Абдурраҳмон Ҳасан Ҳабаннакал Майдоний ўзларининг “Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа” номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

“Баъзи оҳод ҳадислар ақоиддан бир қисмини ўз ичига олгандир. Уларни Ислом уммати ўзининг аввалги асарларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилиб олгандир. Бас, шу сабабдан ўшал ҳадислар мутавотир мартабасига кўтарилгандир. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун уларни “маънавий мутавотир” дейилади. У эса, лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худди ўзинин ифода этади”.

Ақоид илмининг бобокалонлари, “Оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди” деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бунга мисол тариқасида “Талхийси шарҳи ақоиди Тоҳовия” китобидан иқтибос келтирамиз:

“Пайғамбаримиз (с.а.в) дан саҳиҳ йўл билан собит бўлган шаръий нарсалар ва баёнлар ҳаммаси ҳақдир”. 

Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки, бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳам, ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ қандоқ шатлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.

Ўртага биринчи қўйилган масала, зонн (гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиб бўлиши мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундоқ бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин.

Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн – гумон; зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий, илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илмни англатишини билганимиздан сўнг, ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига, зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган.

Ундоқ бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар эканда?

Лекин ақийда бўйича келтирлган далиллпга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз. Жумҳур уламоларга, сиъ муҳтарамлар, оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди, дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар, Накирнинг саволи, Сирот, Ҳафз, Мийзон, Шафоат каби кўплаб ақийда масалаларини айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку, деб сўраймиз.

Улар бизга, гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истелоҳимизга тушунмабсизлар. Биз, зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди, деганимизда ақийда рукнларини, яъни буларни инкор қилган инсон ислом дирасидан бутунлай чиқиб кетадиган ҳукмларни, чунончи, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун, ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фаръий масалаларида оҳоҳд ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса қабул қилишга қарор қилганмиз, дейдилар. 

Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди.. ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримиз (с.а.в) га, Қуръони Каримга, Қиёмат кунига, фаришталарга, Қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш “Диндан деб билишлик зарур ҳисобланган”, иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқийний лозим экан. У эса, Қуръони Карим кучидаги далилни тақазо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунга ҳеч ким хилоф қилмайди.

Лекин афсуски, оҳод ҳадис илми яқийнийни ифода қиладими, деган тортишув натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарди.

Ўша масалада, жумҳури уламолар, Аҳли сунна ва жамоа – Моликийси бўлсин, Шофеъийси бўлсин, Ҳанафийси бўлсин, Ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин, оҳод ҳадис, ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, у билан инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди, деганлар.

Маҳмудов Калимуллоҳ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси