Яратилиш санаси 10.01.2024

Аҳмадия ҳаракати

Аҳмадия ҳаракати IX асрнинг охирида Панжоб (Покистон) да христиан-протестант диний оқимининг исломга қарши фаолиятининг фаоллашуви ҳамда аҳли ҳадис мактаби билан ҳанафия вакилларининг Қуръон ва Суннанинг асосий масалалари ҳақидаги муноқашалари натижасида вужудга келди. Аҳмадия ҳаракатининг пайдо бўлиши барча исломга оид оқимларнинг интилишларини бирлаштириш ва уларнинг асосий платформасини ташкил қилиш билан боғлиқдир. Шунингдек, бошқа дин вакилларининг тинч-тотув яшашлари ҳам бу ҳаракатнинг пайдо бўлишига туртки бўлди.

Аҳмадия ҳаракатининг асосчиси Мирзо Ғулом Аҳмадхон бўлиб, Самарқандлик обрўли шахс Мирзо Ҳади Бекнинг авлодларидан саналади. Шунингдек, у Бобурнинг ҳам яқин кишиларидан эканлиги ҳақида маълумотлар бор. 1530 йилда Мирзо Ҳади Бек Бобур билан бирга Ҳиндистонга кўчиб ўтган.

Аҳмадия ҳаракатининг фикрича жамоанинг асосчиси Худо томонидан инсониятга юборилган сўнги илоҳиётларни очувчи охирги Пайғамбар бўлиб, унда мусулмонларнинг маҳдийси, христианларнинг таълимоти ва индусларнинг Кришнаси мужассамлашган бўлади.

1879 йилдан бошлаб Ғулом Аҳмад ўзини “илоҳиётни очувчи” ва шу асосида христианларнингва муқаддас Маҳдийнинг таълимотчиси деб эълон қилди. Бу таълимотнинг асосий мақсади исломни янгилашдир. 

Аҳмадия ҳаракати учун Қуръонни рационал тарзда талқин қилиш ҳаректерлидир. Аҳмадия ҳаракатининг намоёндалари Ҳажнинг асосий обьектлари Панжобдаги Қодиён ва Кашмирдаги Шри-Ланка деб ҳисоблайдилар. Ғулом Аҳмад таълимотига кўра, одамлар ўлимдан сўнг янги жисм ва руҳ қабул қиладилар ва шу ҳолатда қиёмат кунигача кун кечирадилар, сўнг охир оқибатда ёки жаннатга ёки дўзахга тушадилар. Уларнинг фикрича гуноҳкорлар дўзахда узоқ вақт азобланганларидан сўнг жаннатга тушишлари ҳам мумкин. У дунёдаги ҳаёт, ҳаётлик давридаги руҳий такомилнинг давоми деб қарайдилар.

Ислом олами лигаси Аҳмадия ҳаракатини “Исломга душман оқим” деб эълон қилди. Аҳмадия ҳаракати бугунги кунда ислом экстремистлари томонидан эътиқод, сўз эркинлиги бзйича сиқувларга олинмоқда. Уларнинг масжидлари ва ибодатхоналарига ҳужумлар уюштирилмоқда. Экстремистларнинг бу каби фаолиятлари ҳокимият томонидан эътиборга олинаётгани йўқ.

Аҳмадия ҳаракати вакиллари ўзлари мавжуд бўлган мусулмон мамлакатларида юқори лавозимларга қўйилмайди. Қуролли қўшин ва давлат бошқарувига умуман киритилмайди. Аҳмадия оқимига мансублар айрим мамлакатларда умуман ишга қабул қилинмайди ва ўқув юртларидан ҳайдалади. Шу сабабли ҳам Аҳмадия ҳаракати раҳбарияти ўз фаолиятини, ислом дини ўрта йўналишини олган мамлакатларда кенгайтиришга ҳаракат қилади. Уларнинг асосий эътибори Африка, Жанубий-шарқий Осиё, Болтиқ бўйи мамлакатлари ҳамда Россиянинг Европа қисмига қаратилган.

Ғарбнинг махсус хизматлари Аҳмадия ҳаракатини ўз қизиқишлари йўлида, яъни ислом фундаментализмига қарши куч сифатида фойдаланадилар. Бу ҳаракатни ислом олами мамлакатларига фаол кириши учун қулайликлар яратадилар.

Шуни таъкидлаш лозимки Аҳмадия ҳаракати ўз фаолиятида Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонга кириб келишига жуда ҳам қизиқмоқда. Асосий эътиборни тарихимиз ва маданиятимизнинг муштараклигига қаратиб, гўёки фундаментализмга қарши кураш баҳонасида Ўзбекистондаги қулай диний вазиятдан фойдаланиб ўз таълимотини ёйишга ҳаракат қилмоқда.

Маҳмудов Калимуллоҳ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси