“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” диний ташкилоти
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” норасмий сиёсийлашган диний партия 1953 йилда Исроилда пайдо пўлди. Унинг асосчиси Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетини тамомлаб, Қуддус шаҳрида шаръий шикоят судининг аъзоси лавозимида ишлаган шайх Тақийиддин Набаҳоний (1909-1979) бўлиб,Иорданиядаги “Ал-ихвон ал-муслимун” (“Мусулмон биродарлар”) диний-сиёсий экстремистик ташкилоти раҳбарларидан бири эди (“Ал-Мавсуа” 107-бет, Ар-Риёд). Ақийдада ихвонлар билан келиша олмай, бу жамоадан ажралиб чиқиб, ўз қарашларини қуйидаги рисолаларида баён қилади: “Ислом низоми”, “Исломий оламга қайноқ нидолар”, “Ҳизбут-таҳрирнинг тушунчалари” ва бошқалар.
Партия пирамида шаклида таркибий тузилма кўринишда ташкил топган. “Дорис” лардан таркиб топган “Ҳалқа” даги 4-5 киши гуруҳ раҳбари – “мушриф” дан сабоқ оладилар. Таълим ҳафтада камида 1 маротаба ўтказилиши шарт. Ҳалқа аъзолари бир-бирларини фақат исми ёки тахаллуси орқали биладилар. Ташкилотга аъзо бўлаётган номзод ҳар қандай шароитда ҳам ҳизб фаолияти ҳақидаги маълумотни сир сақлаш ҳақида қасам ичади. Минтақавий раҳбар – “мўътамад”, буьун дунё бўйича “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” ҳаракати раҳбари, яъни “амир” томонидан белгиланади ва вилоят даражасида ишлайдиган “масъул” ҳамда туман миқёсида фаолият кўрсатувчи “мусоид” га раҳбарлик қилади. Туманлар ҳам алоҳида ҳудуларга бўлинади ва 4 мушрифдан иборат “нақиб” раҳбарлик қилувчи “маҳаллий жиҳоз” ни ташкил этади. Нақиб ўзига ёрдамчи “ноиб” ва пул тўпловчи “табарруъ” ни тайинлайди. Маҳаллий жиҳоз 1 ойда камида бир маротаба тўпланади. Партиянинг ҳар бир аъзоси ўз имконичтлари асосий меҳнат фаолияти даромади ҳисобидан 5-20% миқдорида солиқ тўлаши мажбурийдир.
Тўпланган пул маблағи турли техника жиҳозлари, алоқа воситалари харид қилиш ҳамда бошқа хизмат ҳақларини қоплаш, хориждан келтирилаётган адабиёт, аудио-видео кассеталар ва уларнинг таржимаси учун ҳақ тўлашга сарфланади.
Бугунги кунда партияга Фаластиннинг Халил шаҳрида туғилган Абдулқадим Заллум раҳбарлик қилмоқда. Мазкур диний ташкилот фаолияти 1982 йилда сезиларли даражада жонланди. Ташкилот раҳбарларининг асосий қисми Ғарбий Европа давлатларида фаолият олиб боради. Партия филиаллари Миср, Иордания, Тунис, Қувайт, босиб олинган араб ерлари ҳамда Туркияда тарқалган.
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” диний ташкилоти ҳам ваҳҳобийлар каби давлат сиёсий бошқарувига аралашишга,ҳукуматни тўнтариш йўли билан қўлга киритиб, ислом давлати ўрнатишга интилади. Халифаликни тиклашга даъват этади: “Мусулмонлар учун битта халифа сайлашга ҳаракат қилмаслик гуноҳи кабиралардандир”. Чунки бу нарса исломнинг энг фарзларидан бирини бажаришдан тийилишдир” (“Иззат ва шараф сари”).
Ваҳҳобийлар ҳукуматни қўлга олишда очиқ кураш, экстремизм, террор йўлини тутсалар, “ҳизбчилар” ғоявий, мафкуравий кураш услубини қўллайдилар. Улар 5 кишидан иборат бўлган ҳалқа-ҳалқаларга бўлиниб, мафкуравий тарғибот ишларини олиб борадилар. Бундай дарсларда диний маълумотлар юзаки берилади, фиқҳий масалаларга ҳатто эътибор қаратилмайди, ёшлар тарбиясидаги маънавий бўшлиқдан фойдаланиб, уларнинг онгига керакли сиёсий фикрларни жойлашга уринадилар.
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” нинг бошқа норасмий диний ташкилотлардан фарқи ҳужумни асосан фикрга қаратадилар, яъни фикрий кураш олиб бориб, фикрий инқилобга эришиш, ислом давлати низомини тарғиб этишдир.
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” ташкилоти ўз олдига қуйидагиларни мақсад қилиб қўяди:
- тинч, осойишта давлатда фуқаролар урушини бошлаш;
- мамлакат иқтисодий фаолиятини издан чиқариш;
- миллатлар ва динлараро низоларни келтириб чиқариш;
- мамлакатга қурол-аслаҳа ва наркотик моддаларини олиб кириб, фуқароларни тинч ҳаётига раҳна солиш;
- мустақил давлатни қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи хорижий мамлакатларга қарам қилиш.
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” ташкилотининг асосий назарий мақсади икки йўналишни ўз ичига олади:
1. Сақофий. Партия аъзолари ислом ниқоби остида экстремистик ғоялар билан йўғрилган, ғаразли тушунтириш ишларини олиб борадилар ва ўз ғояларига етиш учун кишиларнинг онгида ўз партиялари ҳақида тушунча уйғотишга ҳаракат қиладилар. Бунда улар ҳар бир шахснинг фикрлаш доирасига қараб ўз таълимотларига даъват этадилар.
2. Сиёсий. Жамиятда бўлаётган вақтинчалик қийинчиликлар, табиий офатларни кўрсатиб, агар исломнинг саҳиҳ ҳукмлари бўлганда эди бундай ҳодисалар рўй бермас эди, каби фикрлар билан ғараз ниятларини амалга ошириш. Яъни ҳужумлар фикрларга қаратилмоғи лозим, натижада бу ҳужум фикрий курашга, фикрий кураш ўз навбатида, фикрий инқилобга олиб боради. Фикрий инқилобнинг орқасидан эса ҳукм, низом ва бошқа алоқаларнинг ўзгартириб юборадиган сиёсий инқилоб келади. Мана шу вазифани адо этган авлодининг ўзи ҳокимятга келади.
Бу мақсадларни амалга ошириш ҳамда оламда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳизбнинг муносабатини билдириш учун партия 1989 йилдан бошлаб “Ал-ваъй” (Онг) номли ойлик журнални турли тиллардаги таржимаси билан давомий чиқариб келмоқда. Хусусан мазкур журналнинг ўзбек тилидаги 140 дан ошиқ сони мамлакатимизда махфий равишда тарқатилганлиги маълум.
“Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” диний ташкилотининг кураш босқичлари:
1. Тасқиф – тушунтириш ишлари. Онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни ўз тузоғига илинтириш. Фикри заиф, таъсирга берилувчан ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳокимятлардаги масъул шахсларни ўз тарафига оғдириш.
2. Тафоул – биргаликда ҳаракат қилиш, фикрий кураш орқали “Умматнинг оёққа туриши, фикрий онглилиги ва келажак масалаларини идрок қилишга эришиши” йўлида фикрий инқилобга етишиш.
3. Инқилоб – тўнтариш, ҳукуматни яратилган уммат орқали қўлга киритиш.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси