Яратилиш санаси 27.03.2024

Акромийлар

Тахминан 1997-1999 йилда Фарғона водийсида вужудга келган ушбу диний-сиёсий ҳаракат вакиллари Аллоҳгагина эътиқод қиладилар ва Пайғабарга иймон келтирмайдилар. Акромийлар бугунги мавжуд барча тузумларни тан олмайди, давлатга, қонун-қоидаларга ҳам, ота-онага ҳам эмас, фақат оқим сардорларига бўйсуниш лозим деб ҳисоблайдилар. Унинг асосчиси 1960 йилда Андижон шаҳрида туғилган Йўлдошев Акром Сотволдиевич ҳанбалий мазҳаби ваҳҳобийлик оқими таълимотига таяниб 1992 йилда 12 дарсдан иборат “Иймонга йўл” деб номланган дастурни ишлаб чиққан. Ушбу дастурда оқимнинг пировард мақсади ислом давлатини барпо этишдан иборат экани таъкидланган. Ўз ҳаракатларига номзодларни танлаб олиш ва уларни тайёрлашда қуйидаги шартли равишда номланган 5 босқичдаги мақсадли дастур орқали амалга оширадилар: 

1. “Сирли” ёки “махфий” деб номланган босқичда диний таассубга мойиллиги бор, таъсирчан, берилувчан, шунингдек, раҳбарлик, нотиқлик ва ташкилотчилик қобилияти бор ҳамда ҳаётдан хафа-норози бўлиб юрган шахслар ўрганилади, сўнг ўз тарафларига оғдириш бўйича ҳаракатлар олиб борилади.

2. “Моддий” гуруҳга янги кирган аъзоларнинг моддий ҳаётини таъминлашга асосий эътибор қаратилади, уларни моддий манфаатдорлик юқори бўлган вазифаларга ишга жойлаштириб, топган даромаднинг 1/5 қисмини “байтул мол” га, яъни умумий мақсадлар учун солиқ ажратиш мажбурий ҳисобланади.

3. “Маънавий” босқичда гуруҳ аъзолари ғоявий-сиёсий жиҳатдан қайта тарбия этилади, мавжуд ҳокимиятни ағдариб ташлаш йўллари ва экстремизм, терроризм руҳидаги адабиётлар билан таништирилади.

4. “Узвий майдон” ҳар жиҳатдан тайёр бўлган, ҳаракат пешволарининг топшириқларини сўзсиз бажарадиган аъзоларни давлат ва жамоат ташкилотлари таркибига киритиш орқали ўз нуфузларини ошириб, кенгқамровли фаолият ташкил этишга ҳаракат қиладилар.

5. “Тўнтариш” – сўнгги босқичда акромийлар асл ва асосий мақсадлари – мавжуд конституциявий тузумни ағдариб ташлаб, ўзларининг ҳокимиятларини ўрнатиш йўлида фаолият олиб борадилар.

Мазкур босқичлар махфий равишда, кетма-кетлик сақланган тартибда ва ижро муддати қатиъй белгиланмаган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилади.

Андижон вилояти ва Қўқонда уларнинг таъсири кенгроқ сезилган.

Оқим вакиллари ҳозирги кунда мусулмонларга намоз ҳам, рўза, закот, ҳаж ҳам фарз эмас, чунки биз куфр давлатида яшамоқдамиз деб эътиқод қиладилар. Ислом тарихидан маълумки, Макка даври, яъни Муҳаммад (с.а.в) то Мадинага кўчиб ўтгунга қадар, 13 йил давомида кишилар фақат Аллоҳ ва охиратга иймон келтиришга даъват қилганлар. Намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Мадина даврида фарз бўлгани учун то ислом давлати қурилмагунча мазкур ибодатларни бажариш шарт эмас деб қарайдилар, сигарета ва спиртли ичимлик ичиш ҳамда шариат томонидан таъқиқланган “муваққат никоҳ” (вақтинчалик яъни маълум муддат – бир соат, кун ва ҳаказо) га рухсат берилади.

Ислом уламолари бу борада аниқ мисоллар келтириб ҳар қандай давлат ва ҳукумат қўл остида бўлишдан қатъий назар шариатнинг инсон шахсининг ўзигагина боғлиқ бўлган кўрсатмалари ҳеч қачон амалда тўхташи мумкин эмаслигини айтадилар.

Маҳмудов Калимуллоҳ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси