Инсон - мукаррам зот
Аллоҳ таоло Одамни азизу мукаррам қилиб, Жума куни жаннатга киргизди ва Момо Ҳавони унга жуфти ҳалол қилиб берди. Аллоҳ таоло Қуръони мажиднинг Бақара сураси (35,36-оятлари)да хабар берганидек, Одам а.с. га хитобан шундай марҳамат қилади:
“Биз яна айтдик: “Эй, Одам, Сен ва жуфтинг (Ҳаво) жаннатга яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз”. Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан тойдириб, турган жойларидан (жаннатдан) чиқади. Биз (уларга) айтдик; “Бир-бирингизга ( келажак зурриётингиз билан ўзаро) душман бўлиб, (Ерга) тушингиз! Маълум вақтгача (ажал етгунча) сизлар учун Ерда барқарорлик ва (ундан) фойдаланиш (бордир)”.
Дарвинизм таълимотини қўллаб-қувватловчи “инсон меҳнати” туфайли ривожланиб қолган маймундир деб яна инсонга яраша ҳуқуқ беришга уринадилар. Исломда эса, инсонга “сен маймундан тарқалгансан” дейишнинг ўзи инсонлик ҳуқуқини паймол қилишнинг оилй ҳуқтаси деб қаралади. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Батаҳқиқ биз бани Одамни мукаррам қилиб қўйдик”. ( Исро -70)
Бу оятда кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло инсонни бошқа маҳлуқотлардан мукаррам қилиб қўйган.
Ибни Касир р.а. нинг тафсирида ва “Ақидаи Таҳойя” шарҳида Пайғамбаримиздан тақдир тўғрисида сўралганида, ул зот: “Аллоҳ таоло еру осмонларни яратмасдан эллик минг олдин халқнинг тадриротини яратган”, деганлари баён қилинди. Шу тақдиротга биноан Одам а.с. жаннатдан ер юзига сургун қилиниши керак эди.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг тақдири амалгам ошириши учун белгиланган вақт ва белгиланган сабаб тайин қилган. Вақти-соати келиб, белгиланган сабаб пайдо бўлса, тақдирда битилган нарса бўлмасдан иложи йўқ. Одам а.с. нинг жаннатдан қувилишига сабаб шайтоннинг васвасаси эди. У Одам а.с. алдамоқчи бўлди. Одам а.с.ни алдай олмаганидан кейин Момо Ҳавони алдади. Хотинининг гапига кириб, Одам а.с. ҳам алданиб қолдилар. Аллоҳ ман қилган дарахт мевасидан истеъмол қилдилар. Тафсирларда у дарахт тўғрисида ҳар хил фикр-мулоҳазалар бор. Ҳар муфассир бошқа бир меванинг номини айтган. У меанинг номини билиш шарт бўлганда эди, Аллоҳ таоло уни аниқ қилиб айтган бўлар эди.
Аллоҳ табарока ва таоло Ўзи яратган ҳар бир мавжудотнинг зиммасига ўзига хос муҳим вазифани юклаган. Улар хоҳ наботот олами бўлсин, хоҳ ҳайвонот дунёси бўлсин, юклатилган вазифасини адо этадилар. Инсон ҳам ўзига топширилган омонатга мувофиқ Аллоҳ таолога тоат ва ибодат қилиш ва уни танимоқлик вазифасини адо этишга даъват этилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман”.
Инсон ўзининг кичик танаси, заиф жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик бир заррадай бўлишига қарамай Аллоҳ уни мукаррам зот қилиб яратди. Шу нуқтаи-назардан инсон ҳамма маҳлуқотларнинг энг афзали, Худонинг ердаги халифаси ҳисобланади. Чунки, Аллоҳ инсонга буюк неъмат бўлган ақлни берган. Инсон мана шу неъмат туфайли ҳайвондан фарқ қилади. Шу нуқтаи-назардан инсонга бошқа маҳлуқотлар сажда қилмоқлиги керак. Бунинг исботи сифатида Қуръони Каримнинг бир неча оятларида фаришталарнинг ҳам Одам Атога сажда қилганлиги ва фақат шайтонгина кибр-ҳавога берилиб, инсонга сажда қилишдан бош тортганлиги ва бунинг учун лаънатланиб, жаннатдан қувилганлиги ҳақидаги оятларни келтириш мумкин. Аллоҳ азза ва жалла айтди:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Баҳовуддин Нақшбанддан шогирдлари сўрабдилар: “Эй, устоз, одамзоднинг ҳайвондан фарқи нимада? Кўринишидами, тил-забони, соқоли, кийим-бошларидами, шакл- шамойилидами?”. Унга шундай жавоб қилган эканлар: “Одамзоднинг ҳайвондан фарқи унинг жонида эмас. Эшакда ҳам, чувалчангда ҳам жон бор. Унинг соқолида ҳам эмас, чунки эчкида ҳам соқол бўлади, унинг сўзлашишида ҳам эмас, тўтиқуш ҳам ўргатилса, сўзлашади. Одамзоднинг ҳайвондан фарқи: фаҳм-фаросатида”. Бинобарин, инсондаги фаҳм-фаросат етук бўлиши талаб этилади.
Аллоҳ яратган коинот ниҳоят даражада буюк бўлиб, унинг чегарасини Аллоҳнинг Ўзи билади. Ҳозирги илм тили билан айтадиган бўлсак коинот бепоён кенгликдан иборатдир.
Инсон мана шу бепоён ва кенг коинотга ҳамда замонга қараганда кичик бир жонзот. У шунчалик заиф ва унинг таркиби тупроқ каби хоксор моддадан яратилган экан, унинг қийматлилигида не асрор бор? Балким, Аллоҳ инсонни Ўзининг илоҳий қудрати билан яратиб, унга жон ато қилгани ва малоикаларни инсонга ҳурмат ва эҳтиром юзасидан сажда қилишларига амр этганидадир. Аллоҳ айтади:
“Эсланг, Раббингиз фаришталарга деган эди: Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!”.
Малоикалар инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилдилар. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этиш инсонни инсон қилди. У энди Аллоҳнинг йер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларида мўмин кишининг сифати ҳақида марҳамат қилиб айтганлар:
“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”.
“Кимики ўзидан тўрт нарсани берса, унга ҳам Аллоҳ таоло тўрт нарса ато қилур”. Бу ҳадиси шарифни муҳаддислар Қуръони Каримдаги тўртта ояти карима билан тафсир қилган эканлар:
1. Бақара сурасининг 152-ояти: “Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурман...”.
2. Ғофир сурасининг 60-ояти: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) мустажоб қилай!”.
3. Иброҳим сурасининг 7-ояти: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман”.
4. Нуҳ сурасининг 10-ояти: “...Роббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир”.
Инсон дегани шундай зот экан. Инсон ҳақиқати турли аъзо, ҳужайра, қон, гўшт, суяк, пайлардан иборат эмас экан. Унинг сири Илоҳий руҳ билан яратилгани ва Инсон қиммати ҳам шунга боғлиқ экани маълум бўлди.
Аллоҳ таоло инсонга осмонлар ва ер юзидаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Унга ботиний ва зоҳирий неъматларнинг ҳаммасини берди. Коинот инсон хизматига қоим, қуёш унга нур ва иссиқлик беради, юлдузлар унга йўл кўрсатади, денгизу дарёлар унинг хизматида.
Агар коинотга ва ер юзига ибрат назари билан қарасак, барча мавжудот ўзидан юқорисига хизмат қилишини кўрамиз. Жонсиз тупроқ - сув наботот оламига, наботот олами эса ҳайвонот дунёсига, ҳайвонот ва жонсиз олам инсонга хизмат қилишини биламиз.
Тупроқ ўзидан ўсимликни чиқаради. Сув, қуёш каби мавжудотлар набототни ўсиши, гуллаши, мева бериши, ҳайвонларга озуқа бўлиши йўлида хизмат қилади. Набототлар билан нафланган ҳайвон инсон хизматида бўлиб, унга бўйинсунган. У тириклигида ҳам инсон хизматида бўлса, сўйилганида ҳам инсон хизматида, яъни инсон уни гўшт сифатида истеъмол қилади.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти матбуот котиби