ҚАЗО ВА ҚАДАР ҲАҚИДА ИЛМИЙ ВА АМАЛИЙ ДАЛИЛЛАР (1 қисм)
“Қадар” сўзи ўлчов маъносини англатади. Ислом ақидасига эса, Аллоҳ таоло азалда Ўз илми иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.
Уломаларимиз “Қазо” ва “Қадар” ни қўйидагича тарифлайдилар: “Қазо–Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишдир”. “Қадар–ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, маҳлуқотга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.
Ўтган уломаларимиздан Ал–Ҳаттобий қўйидагиларни айтадилар: “Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиши, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. “Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ таоло томонидан муқаддам билиб турилишидир”.
Аллоҳ хоҳласа, бу борадаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишимиз билан яна кўп нарсаларни ойдинлашади.
Аллоҳ таоло: “Албатта, биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик”, деган (Қамар: 49).
Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган ва ҳар бир нарсани билиб туради.
“Пайғамбар (с.а.в.) “Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга “Раҳматим ғазабимдан албатта илгаридир”, деб ёзди”, дедилар”.
Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда” деганлари, азалда–ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини билган чоғда, деганларидир.
Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳали қандоқ бўлишини билган. Чунки У зот илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишларни ҳам У зотнинг Ўзигина билади.
“Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга” деганидаги китобдан мурод – лавҳул маҳфуздир.
Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини ёзган китобнинг номи “Лавҳул Маҳфуз” дир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.
“Арш” эса луғатда подшоҳ ўлтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламоларининг келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, “Арш” оёқлари бор тахт бўлиб, уни фариштарлар кўтариб турадилар. У ҳудди олам устидаги қуббага ўхшайди. У маҳлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:
“Арш устидаги китобга” дейишдан жисмий маъно кўзда тутилмаган. Чунки, Аршнинг устида нарса йўқ. Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган.
“Ёзди” дейилишидан мурод эса, қаламга ёзди дейишни бюрган, деган маънони англатади.
“Кўриниб турибдики, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида “ғайбиёт” деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша иймон келтириш лозим бўлган ғайбий нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари эканлиги таъкидланмоқда. Бу эса, сиз билан биз бандаларни доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси