ҚАЗО ВА ҚАДАР ҲАҚИДА ИЛМИЙ ВА АМАЛИЙ ДАЛИЛЛАР (2 қисм)
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир”, деган.
Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади.
Бас ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ–бурни кесилганини ҳис қилганмисиз? – дедилар.
Сўнгра, Абу Ҳурайра “Агар хоҳласангиз: “Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратилишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир”, деган оятни ўқинг”, дер эди”.
Ушбу ҳадисни ўқир эканмиз, унда катта ҳикмат мавжудлигини кўрамиз. Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки, Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда ҳам ўрни бор.
Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир. Бола динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса, уни берувчи зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу, ота-онанинг бурчидир. Ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериш керак. Агар кўпчилик ўйлаганидек қазо ва қадар мажбурлаш бўлганида, тарбия орқали турли динга кириб кетиш зикр қилинмаган бўлар эди.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Банда тўрт нарсага иймон келтурмагунча мўмин бўла олмайди:
Албатта Аллоҳдан ўзга йўқлигига, албатта мен Аллоҳнинг расулиман – у, У зот мени ҳақ ила юборганига шаҳодат беради. Ўлимга иймон келтиради. Ўлгандан кейин қайта терилишга иймон келтиради. Қадарга иймон келтиради”, - дедилар”.
Пайғамбар (с.а.в.) ўзларининг ушбу ҳадисларида мўмин мусулмон киши иймон келтириш лозим бўлган тўрт нарсани алоҳида таъкидламоқдалар.
Шу тўрт нарса ичида қадарга иймон келтириш ҳам бор. Бу қадарга бўлган иймоннинг нақадар муҳимлигини яна бир бор таъкидидир. Бу ҳақда аввалдан бошлаб сўз юритиб келдик. Энди шу ўринда сўзимизни исботи ўлароқ қуйидаги ҳикояни келтирамиз.
Франциялик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақида хотириларида, жумладан қуйидаги мъноларни айтади.
“Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерли аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб ўзларини, молу-мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса учириб кетар эди.
Шамол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Тирик ҳайвон қолгани аломати ҳам йўқ эди. Дову дарахт, экин-тикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман ҳаётнинг асари қолмади. Биз ўзимизга: “Энди, ерли аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак”, деб ўйлар эдик.
Шамол тўхтади, аммо биз кутган нарсаларнинг бирортаси ҳам бўлмади. Ҳеч ким “дод-вой” солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб ҳеч нарса бўлмагандек, қолган–қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Биров кўрилган зарарига афсус–надомат чекмас, фақат қолган нарсаларидан фойдаланиб ҳаётни аввалгидек давом эттириш пайида бўлар эди. Бу оддий саҳровий одамларнинг ўзларининг тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди.
Сўраб-суриштириб улар қазои қадарга ишонишларини ўша ақидага биноан иш тутаётганларини билдим. Бу ислом дининг нақадар тўғри, соф ҳамда ҳақ дин эканлигига иқрор бўлдим ва исломни қабул қилдим”.
Ислом душманларининг фикрича, қадарга ишониш, иймон келтириш барча куч ва қувватни бемажол қилиб, дангасалик ва ҳар нарсани ғойибдан кўришга олиб борар экан. Ҳолбуки, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дан иймоннинг асосларини сўрашганда, қазо ва қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканлигига иймон келтириш шу асосларидан бири эканлагини айтиб ўтганлар.
Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса, кейингиси самара берар, деб доимо яхши умид билан иш олиб боради. Қадарга бўлган ишонч кишини шижоатли, қўрқмас, саҳий ва карамли қилади. Чунки, у киши ажали ва ризқи ўлчовли эканлигига, дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканлигига ишонади. Шунинг учун ҳам, ўз халқини, ватанини ва миллатини ҳимоя қилишида ўлимдан ҳам қўрқмайди. Шунга ўхшаш, қадарга бўлган ишончнинг ҳар бир киши ва ҳар бир жамият учун манфаатлари беҳад кўпдир.
Абу Азза (р.а.)дан ривоят қилинади:
“Пайғамбар (с.а.в.): “Қачонки, Аллоҳ бандага бирор ерда ўлмоқни қазо қилган бўлса, унинг учун ўша ерда бир ҳожатни қилиб қўяди”, дедилар”.
Бу нарса Аллоҳ таолонинг қанчалик мудаббир ва банданинг қанчалик тадбирсиз эканини кўрсатади.
Бу нарса Аллоҳ таолонинг илми қанчалик чексиз, банда қанчалик жоҳил эканини кўрсатади.
Бу нарса Аллоҳ таоло қанчалар қодир, инсон қанчалар ожиз эканини кўрсатади.
Қазои қадарга тегишли ҳар бир ишда, ҳаракатда шу маъноларни такрорлаш мумкин.
Шунинг учун ҳам, қазои қадарга иймон келтиришга Ислом алоҳида эътибор берган ва у иймоннинг асосларидан ҳисобланган.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси