Яратилиш санаси 21.06.2024

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР?

“Аҳли сунна вал жамоа” атамаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида тарқамаган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам гарчи бу атамани бўлак-бўлак шаклда зикр қилган бўлсаларда, лекин бу атамани айнан шу шаклда жамлаб зикр қилмаганлар. 

Саҳобалар замонида эса биринчи бор бу атамани Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тилга олганлар. Жумладан,:

قال عبد الله بن عباس رضي الله عنهما في قوله تعالى: ﴿يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ﴾ : ”حين تَبيَضُّ وُجوه أهلِ السنة والجماعة، وتَسوَد وجوه أهل البدعة والفُرقة .[1]

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда(Оли Имрон сураси, 106) ояти борасида “Аҳли сунна вал жамоанинг юзлари оқарадиган, бидъат ва фирқа аҳлларининг юзлари қораядиган кунда”, дея тафсир қилганлар.

Яна ушбу атамани жамлаб зикр қилганлардан Қатода ва Саид ибн Жубайр бўладилар. Улар Аллоҳ таолонинг:

﴿وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِمَنْ تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى﴾ 

Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман (Тоҳа сураси, 82) оятини “суннат ва жамоатни лозим тутганларни” деб шарҳлаганлар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу истилоҳни айнан шу кўринишда айтмаганлар. Лекин унинг икки жузидан ҳар бирига алоҳида-алоҳида кўплаб ҳадислар айтганлар.

“Аҳли сунна вал жамоа” атамасининг маъноси “Суннат ва жамоат аҳли” деганидир. Суннат ва жамоат аҳли деганда қуйидаги зотлар тушунилади:

  • Улар пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари ва уларга яхшилик йўлида эргашган тобеинлар ҳамда бу зотларнинг манҳажини лозим тутган, уларга иқтидо қилган,  уларнинг изларидан бориб йўлларига эргашган Қиёматга қадар келадиган мўминлар.

 

“Аҳли сунна вал жамоа атамаси” аввалги фазилатли уч асрнинг аввалида бу атама машҳур кўринишда оммалашмаган бўлсада, лекин унинг асоси бор бўлган. Ундан кейинги даврларда, айниқса, ҳозирги вақтда бу атамага бўлган эътибор анчагина кучайган. Жуда кўплаб тоифалар ўзларини аҳли сунна вал жамоа, бошқаларни эса аҳли сунна вал жамоадан бошқа фирқа дея даъво қиладилар. Бу борада кўпгина асарлар битганлар, илмий изланишлар қилганлар, турли мажлис ва кенгашлар ташкил этганлар.  

Бундай даъвога эътибор қаратишларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз умматларини бир неча тоифага бўлиниб, улардан фақатгина бир тоифасигина нажот топиши борасида айтган ҳадислари бўлса ажабмас. Ҳамма фирқалар ўзларини ана шу нажот топувчи тоифа эканликларини даъво қилиши турган гап. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз умматларини етмиш уч фирқага бўлиниб кетишини очиқ-ойдин айтганлар. Келинг, ана шу ҳадисларнинг баъзи бирларини зикр қилиб ўтайлик. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

ليأتينَّ على أمَّتي ما أتى على بني إسرائيل حَذوَ النَّعلِ بالنَّعلِ ، حتَّى إن كانَ مِنهم من أتى أُمَّهُ علانيَةً لَكانَ في أمَّتي من يصنعُ ذلِكَ ، وإنَّ بَني إسرائيل تفرَّقت على ثِنتينِ وسبعينَ ملَّةً ، وتفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ ملَّةً ، كلُّهم في النَّارِ إلَّا ملَّةً واحِدةً ، قالوا : مَن هيَ يا رسولَ اللَّهِ ؟ قالَ : ما أَنا علَيهِ وأَصحابي

 

Албатта, умматимга  бир оёқ кийим бошқасига эргашдандай Яҳудийларга келган кун келадики, ҳатто, Яҳудийлардан бири ўз онасига ошкора тарзда  яқинлик қилса, умматим ичида ана шундай қиладиган киши топилади. Бани-Исроил етмиш икки фирқага бўлиндилар. Умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзаҳдадир. Фақатгина бир тоифаси дўзаҳда эмас”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг росули! У қайси тоифа”, дедилар. Росулуллоҳ: “Мен ва саҳобаларим йўлида бўлган тоифа”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. У зот:

ألا إن من قبلكم من أهل الكتاب افترقوا على ثنتين وسبعين ملة ، وإن هذه الملة ستفترق على ثلاث وسبعين : ثنتان وسبعون في النار وواحدة في الجنة ، وهي الجماعة

Огоҳ бўлинглар! Сизлардан аввалги аҳли китоблар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Бу уммат эса етмиш уч фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда, Фақатгина биттаси Жаннатда. У – жамоатдир”, дедилар (Абу Довуд ривоятлари).

Мазкур ҳадисларга ўхшаш маънода Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳадислар ҳам ворид бўлган.

Юқорида зикри келган ҳадислар мазмунига эътибор қаратсак, нажот топувчи тоифа Набий алайҳиссалом ва саҳобалар суннатини ҳамда жамоатни лозим тутиш сифатларига эга бўлиши даркорлигини англаб олишимиз мумкин. Ана шу сифатларни ўзида жамлаган тоифага суннат ва жамоат аҳли деган исмни ишлатиш мувофиқ бўлади. Суннат ва жамоат аҳли лафзи эса биз баҳс юритаётган “аҳли сунна вал жамоа” атамасига айнан мос келади. Демак, нажот топувчи тоифа “Аҳли сунна вал жамоа” эканлигига юқорида келтирилган ва шу мазмундаги бошқа ҳадислар далолат қилади.

Шуни яхши билиб олиш керакки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган, ҳақ дин – исломдан оғишмаган, соф эътиқодни маҳкам тутган тоифа ҳеч қачон омма ичидан ажраб алоҳида гуруҳ шакллантириб олмаган. Росулуллоҳдан саҳобалар, улардан тобеинлар, тобеинлардан табаъа тобеинлар, табаъа тобеинлардан кейинги авлод вакиллари дин манҳажини тўлиқ олишган. Уларнинг оммаси доимо иттифоқда бўлишган. Баъзи бир масалада ғулувга кетган, таассубга шўнғиган, қайсарлик қилган, динни ўз мафкурасига мослаштирмоқчи бўлган кишилар ўз даври мусулмонлар оммасига қарши юришган. Улар омма (жамоа)дан ажраб ўз йўналишларига асос солишган. Ўз йўналишларида янги гуруҳлар тузишган ва ўзларини ҳақ дея аташган. Шундай кишилардан ташкил топган гуруҳлар сони замон ўтган сайин кўпайиб борган. Лекин бу гуруҳлар ҳеч қачон мусулмонлар оммаси (катта қисмини) ташкил этмаган. Ғулувга кетган масалалалари туфайли ўзларига баъзи номларни тамғалаб олганлар, холос. Бундай янги ажралиб чиққан тоифа адашган фирқа эканлигини ўша давр уламолари очиқ-ойдин айтишган ва оммани илмий асослар билан огоҳлантиришган.

Азамхон Саминов.

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси