“Тафсирул Байзовий” асари кўплаб фанларни қамраб олиши
Уламоларнинг Аллоҳ берган истеъдоди турли хил бўлгани каби, улар эгаллаган илмлари ҳам хар ҳил бўлади. Баъзилари луғатда кучли бўлса, баъзилари усулул фиқҳда юқори даражага эришган бўлади. Яна баъзилари фалсафа, калом ва жадал илмини чуқур ўрганган бўлади. Ҳудди шундай нарсанинг изи раъй билан қилинган тафсирларда зоҳир бўлади. Шунинг учун раъй билан қилинган ҳар бир тафсирнинг ўзига мос йўналиши мавжуд. Баъзида бир фан бошқасидан кўра кўпроқ кўзга ташланади. Ҳар бир тафсирда унинг муаллифи машҳур бўлган фан кўплаб учрайди. Чунки ҳар сафар муаллиф яхши эгаллаган илмидан бир масала келиб қолса уни тўлқинланиб ўзи билган илми ва маълумотлар билан тўлдириб ташлайди. Унга қарши чиққанларга раддия бериб, уларнинг фикрларини рад қилади ва узининг фикрини далил ва ҳужжатлар билан исботлаб қўяди.[1]
Луғат соҳиби лафзлар ва уларнинг иштиқоқлари, араблар қай даражада ишлатиши, уларнинг шеърларидан мисолларга кўпроқ эътибор беради. Бу нарсаларни Қуръоннинг якка-якка сўзлари, унинг мажози, ғариби, маънолари ҳақида ёзилган китобларда кўриш мумкин.
Наҳвшунослар Қуръони каримнинг эъробларига, оят эъробнинг турларига қараб эҳтимол қилган маънога бор эътиборларини қаратишади, наҳв масалалари, фуруъ ва хилофларига шўнғиб кетишади, наҳвшуносларнинг фикрларини, мактабларнинг эътирозларини зикр қилишади. Баъзида бир мактабни бошқасидан устун кўришади ёки баъзи олимлар наҳвий мактабни ёки наҳв олиларидан бирининг фикрини қаттиқ мухофаза қиладилар. Бу нарса Абу Ҳайённинг “Баҳрул муҳийт” асарида, Олусийнинг “Руҳул маъоний”, Роғиб ал-Асфаҳонийнинг “Тафсирул Қуръон” асарларида намоён бўлган.[2]
Фуқаҳолар бўлса ҳукм оятларига эътиборларини қаратиб фиқҳ масалаларига далилларни истинбот қиладилар. Гоҳида муфассир ўзининг мазҳабини маҳкам ушлаб, ўзи юрган йўлни қўллаб қувватлайди ва унинг мазҳабига тескари келганларга раддия билдиради. Бу нарса Ибн Арабийнинг “Аҳкамул-Қуръон”, Қуртубийнинг “Жамиъу лиаҳкамил қуръан”, Жассоснинг “Аҳкомул-Қуръон”, Абу Бакр ар-Розийнинг “Аҳкомул-Қуръон” китобларида кўриш мумкин. [3]
Жадал, мантиқ ва фалсафа каби ақлий илм соҳибларини бор эътиборларини ақлий баҳслар ва фалсафачиларнинг қавлларига қаратишади. Уларни шубҳаларга раддия бериш ва фикрларини ақлий далиллар билан таҳқиқ қилишга катта аҳамият берганларини кўриш мумкин. Фахрур Розийнинг “Мафотиҳул ғайб” номли тафсир китобида мана шу жумладандир.
Тарих илми соҳиблари тафсирларида қиссалар ва ўтган халқлар ҳақида маълумотларга эътибор қаратадилар ва турли ривоятларни зикр қиладилар. Бу ривоятларнинг исроилиёт ва ўтган қавмларнинг қиссалари каби саҳиҳи ва саҳиҳ бўлмагани бор. Бу нарса “Тафсирус Саълаби” ва “Тафсирул Хозин”китобларида кўриш мумкин.
Сўфийлар тарғиб ва тарҳиб (қўрқитиш), Қуръони карим оятларидан риёзатларига мувофиқ келадиган маъноли ишораларни чиқариб олишга эътибор берадилар. Ояти карима маъносини ўзларининг тариқатларига тўғри келадиган маънога ўтказадилар. Бу нарса “Тафсир Ибн Арабий” ва Абдурроҳман ас-Суламийнинг китобларида кўриш мумкин.
Қози Байзовий эса юқорида санаб ўтилган барча илмларни пухта эгаллаган ва моҳир бўлган. Бу фанлар юзасидан китоблар ёзган ва матнларга шархлар ёзган. Натижада мана шу илмларни барчасини ўзининг тафсирида жамлади. Шунинг учун ҳам унинг тафсири раъй билан қилинган тафсирлар орасида ҳамма илмларни жамлагани учун ягона ҳисобланади. Ўқувчи тафсирдаги юқорида санаб ўтилган фанлардан бир фанни ўч ичига олган оятни ўқиса бу фанга ўта чуқур киришгани сабабли Қози Байзовий моҳир бўлган ягона фан деб ўйлаб қолади.
“Тафсирул-Байзовий” ва бошқа раъй билан ёзилган тафсирлар ўртасида бирон бир фанни қамраб олган бир оятни солиштирсак “Тафсирул Байзовий”нинг қиймати ва унинг бошқа раъй билан қилинган тафсирларда ажралиб туриши бизга аён бўлади.
Қуйида бизга “Тафсирул Байзовий” ва бошқа раъй билан қилинган тафсир китоблари орасидаги фарқ кўриниши учун оятнинг тафсирларидан мисолларни келтирамиз.
Биричидан, луғат соҳасида:
“Тафсирул Байзовий” да Қуръони карим лафзларининг иштиқоқ қилиниши, араблар қандай даражада фойдаланиши, уларнинг шерларидан намуналар очиқ-равшандир. Аллоҳ таолонинг “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл”[4]ояти шарҳида Қози Байзовий шундай дейди: “Мойил бўлиш феъли “ила” ва “лом” билан ўтимли феълган айлантириш мумкин. Замирни муаннас қилиш тинчлик сўзини унинг нақизига ҳамл қилиш учундир.
Айтилади:السلم تأخذ منها ما رضيت به والحرب تكفيك من أنفاسها جذع”[5]
Ахфаш “Маъонил Қуръон” асарида шундай дейди: “Сен тинчсан дегани “Сулҳ” деганидир. Бу Ҳижоз аҳли ва арабларнинг луғатидир”[6]
Фарро айтади: “Агар хоҳласанг оятдаги لها сўзини тинчликдан киноя қилишинг мумкин. Чунки у муаннасдир. Агар хоҳлсанг “إن ربك من بعدها لغفور رحيم”[7] оятидаги каби феъл учун қилишинг мумкин. Оятда لها сўзидан олдин фақат битта феъл зикр қилинган. Шунинг учун “ها” феълга қайтади”[8]
Қози Байзовий луғат аҳлларига мос келаётганини, оят тафсирини очиқ-равшан келтираётганини ва шеърий мисоллар ёрдамида қисқа баён қилганини кўринг.[9]
Иккинчидан, наҳв соҳасида.
Наҳв борасида Қози Байзовий олим ва муҳаққиқ эди. Бу нарса унинг тафсири барқираб туради. Гўёки наҳв Қози Байзовийнинг ягона биладиган фанидек туйилади. Оятни тафсир қилиб, ундаги эъроб кўринишларини баён қилади ва ўзи муносиб кўрган кўринишни танлайди. Қози Байзовий Басра мактабини маъқуллагани каби, баъзида бир наҳв мактабини бошқасидан устун кўради. Сўнг оятда ворид бўлган қироат кўринишларини бир нечтасини зикр қилиб, бирини бошқаларидан афзал кўради. Тафсир китоби бундай нарсаларга тўла. Аллоҳ таолонинг “واتقوا الله الذي تساءلون به والأرحام”[10] оятининг шарҳида Қози Байзовий шундай дейди: والأرحام сўзи насб қилиб ўқилади. Жор ва мажрурнинг маҳаллига атф бўлади. Яъни, Аллоҳдан ва қариндошликдан қўрқинлар. Уни боғланглар, узманглар. Қори Ҳамза мажрур замирга атф қилиб жар қилиб ўқиган. Бу эса заифдир. Чунки баъзи калималарга ўхшаб қолади. Хабари махзуф мубтадо бўлгани учун рафъ қилиб ҳам ўқилган. Тақдирий кўриниши: Шунингдек қариндошлик ҳам. Яъни, ундан қўрқиладиган ва сўраладиган.”[11]
Қози Байзовий ҳудди шундай кўринишда наҳвшунос ва луғатшуносларга ўхшаган. Уларнинг баъзиларига мувофиқ келса, баъзиларига хилоф қилган. Наҳвдаги бир қавлни бошқасидан малол келтирмаган ҳолда афзал қилиб кўрсатган.[12]
Учинчидан, фиқҳ соҳасида.
Қози Байзовий фиқҳда олим ва кучли киши бўлган. Бунга ўзида шофеъий фиқҳини мужассам этган “Ал-ғоятул-қусва фи дироятил-фатва” китоби ва Абу Исҳоқ Шерозийнинг “Китабут-танбиҳ” китобига ёзган шарҳи яққол далил бўла олади.[13]
[1] Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 410
[2] Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 411
[3] Ўша асар –Б. 414
[4]Анфол сураси, 61-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсиру Ҳилол. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2008 й
[5]Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Қози ал-Байзовий. Тафсирул Байзовий. Ж-1. - Байрут. «Ал-машҳад ал-ҳусайний» нашриёти, 1999 й - Б. 244
[6]Саъийд ибн Саъда ал-Ахфаш ал-Авсат. Маъанил Қуръан. Ж-2. Кувайт. “Қувайт давтар ва вароқ ишлаб чиқариш саноати” нашриёти. 1981 й –Б. 325
[7]Аъроф сураси, 153-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсиру Ҳилол. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2008 й
[8]Яҳё ибн Зиёд ал-Фарро. Маъонил Қуръан. Ж-1. Қоҳира. “Ал-ҳайатул мисрия” нашриёти. 1972 й –Б. 416
[9]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 266
[10]Нисо сураси, 1-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсиру Ҳилол. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2008 й
[11]Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Қози ал-Байзовий. Тафсирул Байзовий. Ж-1. - Байрут. «Ал-машҳад ал-ҳусайний» нашриёти, 1999 й–Б. 108
[12]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети. –Б. 275
[13]Ўша асар –Б. 285
Муҳиддинов Музаффар
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси