Талоқнинг турлари
Талоқ икки қисмга бўлинади.
- Сунний талоқ.
- Бидъий талоқ.
Сунний талоқ ҳам “аҳсан” ва “ҳасан” талоқларга ажратилди.
- Аҳсан талоқ – жинсий алоқа қилинмаган покликда хотинни бир талоқ қўймоқликдир.
Иброҳим ан-Нахаъий р.а асҳоби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладиларки: “Саҳобалар (агар талоқ қўймоқчи бўлсалар) бир талоққа зиёда қилмасликни чиройли санар эдилар”. Чунки мана шу талоқ уларнинг наздиларида ҳар покликда бир талоқ – бир талоқдан уч талоқ қўймоқликдан кўра афзалроқдир. Яна бу талоқнинг афзалиятини баён қилиб айтадиларки бундай талоқ қўйишлик надоматдан узоқроқдир. Чунки эркак киши хотининг иддасини ичида хотинига қайтишлик имкони бор. Иддаси чиққанидан сўнг эса, бордию яна хотини билан яшамоқни истаса бошқа эр уни ҳалола қилмасдан туриб янги никоҳ билан турмуш қуриш имконига эга.
- Ҳасан талоқ – унга умуман жинсий яқинлик қилмасдан туриб, агарчи у аёл ҳайз ҳолида бўлса ҳам бир талоқ қўймоқдир.
Ҳайз кўрадиган, унга жинсий яқинлик қилинган аёлнинг ҳақидаги ҳасан талоқ эса, унинг ичида жинсий яқинлик содир бўлмаган учта покликда бир талоқдан бўлиб-бўлиб уч талоқ қўймоқдир.
Ёшлиги ёки қарилиги ёки ҳомиладорлиги сабаблик ҳайз кўрмайдиган хотинларнинг борасидаги ҳасан талоқ эса, талоқларни уч ойда учга бўлиб қўймоқдир, агарчи бу талоқ жинсий яқинликдан кейин бўлса ҳам. Яқинликдан кейинги талоқнинг кароҳияти ҳайз кўрадиган хотинларнинг борасида бўлиб, бунда ҳомиладор бўлиб қолишликдан сақланилади. Ҳайз кўрмайдиган аёллар эса, ҳомиладор бўлмаганликлари учун агарчи ватеъдан кейин бўлса ҳам талоқ қилиш жоиз.
Бидъий талоқ уч турли бўлади.
- Хотинини ватеъ қилинган поклигида бир марта талоқ қилмоқ.
- Мадхула (ватеъ қилинган) хотининн ҳайз вақтида бир талоқ қилмоқ.
- Мадхула хотинини икки ёки уч марта талоғидан қайтмасдан талоқ қилмоқ.
Мана шу талоқ бидъий ҳамда ҳаром талоқ дейилади.
Агар эр хотинини ҳайз ҳолида талоқ қилиб қўйса, дарҳол хотинига қайтмоғи лозим бўлади. Сўнгра хотини ҳайздан пок бўлганидан кейин унга яқинлик қилмай туриб талоқ қилади. Бу масала Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан жорий бўлди.
عن إبن عمر رضى الله عنهما أنه طلق إمرأته وهى حائض على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم فسأل عمر بن الخطاب رسول الله صلى الله عليه وسلم عن ذلك فقال: مره فليراجعها ثم ليمسكها حتى تطهر ثم تحيض ثم تطهر ثم إن شاء أمسك بعد وإن شاء طلق قبل أن يمس فتلك العدة التى أمر الله ان يطلق لها ألنساء. رواه الخمسة إلا الترمذى
Ибн Умар р.а.дан ривоят қилинади: “У киши хотинини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳайз ҳолида талоқ қилди. Умар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадилар. Бас у Зот: Унга буюр, у (аёл)га қайтсин. Сўнгра уни ўзи билан тутсин. Токи, (ҳайздан) пок бўлиб, сўнгра яна бир ҳайз кўриб, пок бўлганидан кейин, агар ҳоҳласа ўзи билан олиб қолсин, ҳоҳласа яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин. Ана ўша хотинларни талоқ қилиш учун Аллоҳ амр қилган иддадир” Термизийдан бошқа бешовлари ривоят қилишган.
Ибн Умар р.а. ҳайз ҳолида талоқ қилган аёлнинг исмлари Омина бинти Ғифон р.а. бўлган.
Бошқа ривоятларда бу гапни ҳазрати Умардан эшитиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қаттиқ ғазаблари чиққанлиги айтилган. У Зот: “Унга буюр, у (аёл) га қайтсин” дейишлари ҳам ҳайзлик аёлни талоқ қилиш ҳаром эканлигини кўрсатади.
Яна бу ҳадисдан ҳайз кўрган аёлни талоқ қилиш ҳаром бўлса ҳам талоқ тушиши чиқади. Чунки, хотинга қайтиш фақат талоқ тушгандагина бўлади. Бундоқ талоқни “Ражъий” талоқ дейилади.
Сунний талоқ аёл ҳайздан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб қўйишлик эканлиги ҳам мана шу ҳадисдан чиқади.
Ҳадисда: “Токи (ҳайздан) пок бўлиб, сўнгра яна бир ҳайз кўриб пок бўлганидан кейин, агар ҳоҳласа ўзи билан олиб қолсин, ҳоҳласа яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин” дейилиши шуни кўрсатадики: шундоқ йўл тутилса, хотинга зулм бўлмайди, иддаси оз бўлади. Иккинчидан, энг муҳими ўша шарт қилинган вақтни кутишнинг ўзида эр аччиғидан тушиб, талоқ қўйиш фикридан қайтиб қолиши мумкин. Яна шунча вақт кутиш билан эр қилаётган ишини ўйлаб кўради. Агар талоқ қўйса ҳам ўйлаб кўриб, сўнгра талоқ қўйганлиги учун эр қилиб қўйган ишидан надомад чекмайди. Шунинг учун ҳам ҳазрат Али р.а. айтадилар:
لا يطلق أحد للسنة فيندم.
“Бирон бир киши суннатга мувофиқ талоқ қўймас экан, бас, у одам надомад чекади”.
Ишанов Исмоилхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси