“Лисону-т-тайр” достонида араб тилидан ўзлашган сўзлар
Ислом дини кириб келиши билан тилмиз ўзга сўзлар билан янада бойиди.
Туркий тиллар сирасига кирувчи ўзбек адабий тили ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий бобомизни асарларида минглаб араб тилидан ўзбек тилига ўзлашган сўзларни учратишимиз мумкин. Ушбу меросни ўрганишда эса араб тилининг аҳамияти катта. Ҳатто асарларни аксар қисми номини ўзи ҳам араб сўларида номланган. Шундай асарларидан “Лисону-т-тайр” достонидир. Шоир умрининг сўнгги йилларида 1499 йилда ёзиб тугалланган.
“Лисону-т-тайр” достони анънавий тарзда Муқаддима, асосий қисм ва Хотимани ўз ичига олади. Муқаддима 13 бобдан иборат.
Достоннинг 2-боби муножотни ўз ичига олади. Бобда Алишер Навоий ўтган умрини сарҳисоб қилар экан, Яратган қошида ўзини беҳад гуноҳкор деб ҳисоблайди:
Аллоҳ, Аллоҳ, ўлтурур шармандалиқ,
Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ.
Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,
Ким кўзимга қилди оламни қаро.
Қилмадим умрумда бир ракъат намоз,
Сар-басир маҳзи ниёз, эй бениёз.
Ҳаргиз андоқ қўймадим туфроққа бош,
Ким кераклик бўлмағай бошимға тош.
Бермадим ҳаргиз гадоға бир дирам,
То ўзумни кўрмадим соҳиб карам.
Тутмадим отинг қилиб фарзоналиқ,
Сабҳа элдин осмайин юз доналиқ.
Бир амал ҳаргиз риёсиз қилмадим,
Зарқсиз ҳаргиз ўзумни билмадим.
Ўйлаким мендурмен инсон бўлмасун,
Йўқки инсон – деву шайтон бўлмасун.
Ушбу бобда “Аллоҳ”, “Жаҳл”, “Олам”, “Умр”, “Ракаът”, “Басир”, “Соҳиб карам”, “Фарзоналик”, “Риёсиз”, “Инсон”, “Шайтон” сўзлари араб тилидан ўзлашаган сўзлардир.
Бу сўзларни изоҳлаб ўтадиган бўлсак яна олам-олам маъноларни оламиз. Достондаги “Карам” сўзи араб тилида аксар ҳолларда “Саҳавот” деган маъно билан кифояланади. Араб манбаларда “Карам” сўзига шундай шарҳланади: “Карам юксак қатъиятга эга бўлган буюк қалбларга хос хусусиятлардан бири бўлиб, ўз эгасини эзгулик учун зарур бўлган ишни тўловсиз қилишга мажбурловчи психологик хусусиятдир. Карамлик хусусияти инсонга туғма бўлади. Карам фақат пул сарфлаш билан чекланмайди. Агар у пул билан бўлса, саховатдир, агар зарар ва қобилиятдан тийилса, кечиримдир, агар у ўзини қурбон қилиш билан бўлса, у жасурдир”. (Миср, Қоҳира 2006 “Қомусул-жадид”)
Ёки “Шайтон” сўзи: Оловдан яратилган кофир жиннинг номи, “шайтана” сўзидан олинган бўлиб, маъноси: эзгуликдан узоқ бўлган шахс. Узоқ вақтдан бери ёмонлик қилган,ҳақиқатдан узоқ ва исёнкор. Инсонни шайтонга ўхшаб бирор ёмон иш қилса шайтонидир дейилади.
Биз ушбу мақолада бир донадан ижобий ва салбий сўзларни маъносини кўриб чиқдик. Агар Алишер Навоий бобомизни “Лисону-т-тайр” достонидаги сўзларни кўриб чиқсак асар руҳиятигша кириши янада теранроқ бўлади.
Обидхон Икрамов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси