Яратилиш санаси 29.09.2023

Пайғамбар алайҳиссалом масжидларининг, у зотнинг даврларидаги сифати (1-қисм)

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохлардан эди. Устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини, саж ёғочидан қилди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини, У зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлар билан ифода қилмоқдалар.

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари.

 Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. 

Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар. 

 Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди. 

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларида ана шундоқ содда ва кичик эди. 

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари.

 Масжидин Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки, ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларида сарф бўлди. 

 Бунинг устига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартишни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжидин Набавийга ўзгартиш қилиш эҳтёжи ҳам йўқ эди. 

3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари.

 Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки йилдан кўпроқ халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни қурулиш моддалари, хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига эътибор бердилар. 

Абдураҳимов Баҳромжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
 билим юрти мударриси