Яратилиш санаси 03.10.2023

Пайғамбар алайҳиссалом масжидларининг, у зотнинг даврларидаги сифати (2-қисм)

4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари.

 Маълумки ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Шунга ўхшаш кўпгина ўзгаришлар бўлди.

 Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпи янгилик ҳисобланар эди. Бу янгиликлар асосан давр тақозаси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Ўша янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бор эди.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало уни анчагина кенг ва катта қилдилар. Қолаверса қурулиш моддаларини тамоман бошқа қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан қилдилар. Шифтини эса, хурмо шоҳлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар.

 Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган бўлса ҳам, у кишига қарши одамлар томонидан қаттиқ танқид қилинган. Одамлар ўртасида турли гап-сўз кўпайган. Ҳатто, ҳазрати Усмон ўзлари баёнот бериб, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади, деганларини эшитган эдим, шунинг учун қилдим, деганлар. Аммо, мазкур гап-сўзлар тўхтамаган. 

 Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғолон кўтариб, у зот Қуръон ўқиб ўтирган жойга кириб, жонларига суиқасд қилишга журъат этган тоифа у кишига қарши қўйган айблар ичида ушбу масжидни ўзгартириш ҳам бор эди.

 Кейинчалик, замон ўтиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб ўзгартиришлар киритилган. Улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Бизнинг давримизда қилинган ўзгартишлар эса, бир эмас, бир неча китоб бўладиган даражада кўпдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахти тўнкасида хутба қилар эдилар. У зот минбар тутганларида тўнка йиғлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уни лозим тутганларида у йиғидан тўхтади». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўта содда бўлганлиги ва У зотнинг мўъжизалари ҳақида сўз кетмоқда. 

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг энг афзал Пайғамбари бўлишларига қарамай хурмо дарахти тўнкасига чиқиб хутба қилишлари, у зотнинг ўта камтар ва содда ҳаёт кечирганларидан дарак беради.

 Кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига бир саҳобия аёл хизматкорига айтиб, ясатиб берган уч поғанали минбарга чиқиб хутба қилаётганларида, у зотнинг фироғига чидай олмай, ҳалиги тўнка ёш болага ўхшаб йиғлаган. Бу йиғини Жума намозига келганлар барчалари эшитганлар. Йиғлаб турган тўнкага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини қўйганларида у йиғидан тўхтаган. Бу – Пайғамбарлик мўъжизаси эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини қўйиб туришларидан жонсиз тўнка ҳам фахрланар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилиб минбарга ўтганларига надомат қилиб йиғлаган экан. 

 Ҳа, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлиш бахтига муяссар бўлганлар ҳар қанча хурсанд бўлса, шунча оз. 

 У зотга уммат бўлиб туриб, шариятларига, суннатларига амал қилмаганлар ҳар қанча йиғласалар, шунча оз. 

 Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ кишилардан воз кечишлари аниқ ва равшан. Ундоқ нобакор одамлар ушбу ривоятдаги тўнкачалик ҳам эмаслар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Бир аёл келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берайми? Менинг дурадгор қулим бор», деди. 

 «Агар хоҳласанг, минбар қил», дедилар у зот». Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ўша ҳимматли саҳобиянинг исмлари Оиша бўлган экан. Дурадгор ғуломнинг исми эса Маймун. 

 Ушбу суҳбатдан кейин Маймун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғаналик минбар ясаган ва унинг хожа ойими мазкура Оиша розияллоҳу анҳо олиб келиб ўрнатган. Ўша минбарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб хутба айта бошлаганларида аввалги ривоятда келганидек, тўнка йиғлай бошлаган. Бу минбар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам узоқ вақт турган. Кейинчалик масжидга ўт кетганда куйиб кетган. 

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бошқа айтарлик нарса бўлмаган. Бу масжидлар содда ва зебу-зийнатсиз бўлишига тарғиб десак адайшмаймиз.

Абдураҳимов Баҳромжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
 билим юрти мударриси